«Ўзбекнефтгаз» компанияси ўзининг UNG Petro автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-92 бензини сотиш нархларини пасайтирди. Нархлар бозор тамойиллари асосида шакллантирилмоқда, дейилади компания хабарида.

15 сентябрдан бошлаб импорт қилинадиган АИ-92 бензинининг нархи 6000 сўмдан 5500 сўмга туширилади. Маҳаллий ишлаб чиқарилган Аи-92 бензинининг нархи эса 5800 сўмдан 5500 сўмгача пасаймоқда.

«Бозор тамойиллари асосида нефт маҳсулотлари нархларини шакллантириш бўйича корхона томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар давом этади. Улар нархи пасайиши билан аҳолига сотиш нархи ҳам пасайиши аниқ», -дея изоҳ берди UNG Petro директори Мирзоҳид Мусаев.

Аввалроқ Ўзбекистонда Аи-80 бензини ишлаб чиқаришдан воз кечиш режалаштирилаётган маълум бўлган эди. Бухоро НҚИЗ модернизацияси ва реконструкцияси якунланганидан кейин Аи-91, Аи-93 ва Аи-95 бензинлари ҳамда Евро-5 стандартидаги дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.