Давергеодезкадастр қўмитаси негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги ташкил этилди. Бу Президентнинг 7 сентябрдаги ер ва давлат кадастрларини ҳисобга олиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш вазифаларининг ягона органда тўпланганлиги ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда манфаатлар тўқнашувини юзага келтираётган эди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда кадастр органлари фақат ернинг ҳисобини юритиш билан шуғулланади. Қишлоқ хўжалиги ерларини ривожлантириш, хусусан, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш, геоботаник тадқиқотларни амалга ошириш вазифалари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилмоқда.

Қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерларнинг таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида олиб бориладиган кузатиш ишлари Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат мониторинги доирасида амалга оширилади.

Фармонга кўра, Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Захирадаги ер участкаларининг кадастр ишлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги ерларига ажратилган янги ер участкалари туман қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг талабига биноан, туман ва шаҳар қурилиш бошқармалари томонидан ҳокимликларнинг буйруқлари асосида қишлоқ хўжалигига тегишли бўлмаган ерларда тайёрланадиган тартиб ўрнатилмоқда.

Кадастр ишларини тайёрлаш кадастр агентлиги томонидан сертификатланган кадастр муҳандислари ва агентлик тизимидаги ташкилотлар томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

1 октябрдан бошлаб қарорлар, ким ошди савдоси ва тендер савдолари баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, ўзгариши, бегоналаштирилиши, чекланиши ва бекор қилинишини таъминловчи бошқа ҳужжатлар Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг кучга киради.

Давлат ер кадастрини, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг давлат кадастрини юритиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали тўпланган маълумотлар асосида амалга оширилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб ерларнинг тури, контурлари, чегаралари ва ҳуқуқ эгалари тўғрисидаги барча маълумотлар Миллий гео ахборот тизимига бириктирилган Кадастр агентлигининг Онлайн геопорталига киритилади.

Ер баланси ва унинг ҳисоботи, шунингдек туман ва шаҳар ер кадастри дафтарчаси фақат Миллий географик ахборот тизимида сақланади.

Давлат кадастрларининг ягона тизими Миллий географик ахборот тизимида шакллантирилади. Давлат кадастр маълумотлари тўғридан-тўғри телекоммуникация тармоқлари орқали Миллий географик ахборот тизимига тақдим этилади.

Шунингдек, кўчмас мулк давлат кадастри соҳаси доирасидаги давлат хизматлари нархларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун олинадиган йиғим миқдорини пасайтириш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги ерларини ривожлантириш, хусусан, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш, геоботаник тадқиқотларни амалга ошириш вазифалари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига топширилди.