1 килограмм пахта биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм бўлади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Расмий хабарлар» Telegram-канали.

Вазир ўринбосарининг айтишича, пахта мавсумида яхши терадиган теримчилар кунига 100−120 минг атрофида даромад олишлари мумкин.

«Пахта терувчилар 2 хил бўлади. Биринчиси ўз манзилида пахта терадиганлар, иккинчиси эса бошқа ҳудудлардан келиб теримга ёрдамлашадиганлар. Барча теримчилар учун меҳнат шароитлари ташкиллаштирилади.

Теримга, авваламбор, ишсизлар: ёшлар, хотин-қизлар, хоҳиш билдирса, кексаларни ҳам жалб қиламиз", — деди Баҳодир Умрзоқов.

У️нинг қўшимча қилишича, бирорта ёлланма ишчи шартнома тузмасдан туриб пахта даласига чиқмайди.

«Бу йилги пахта мавсумида меҳнат қонунчилигига, Халқаро меҳнат ташкилотлари томонидан билдирилган тавсияларга қатъий амал қилинади, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўйилмайди. Ўтган йиллари мажбурий ва болалар меҳнати билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Бироқ бу йил бунга жиддий қараймиз. Пахта теримига ишчилар шартнома асосида, кўнгилли равишда жалб қилинади. Бирорта ёлланма ишчи шартнома тузмасдан туриб пахта даласига чиқарилмайди», — деди Умрзоқов.