Россиянинг «Яндекс» компанияси шаҳарда кундалик муаммоларни ҳал қилишга мўлжалланган янги «Яндекс Go» иловасини тақдим этди.

«Газета.uz» нинг «Яндекс.Такси» матбуот хизматидан аниқлашича, ҳозирда Yandex Go дастурида такси ва етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилган. Бошқа мамлакатларда эса хизматлар қаторига ресторан ва дўконлардан таомларни тезкор етказиб бериш, жамоат транспортларининг «жонли» жадвали ва каршеринг хизматларини қўшиш мумкин.

«Яндекс Go» иловалар орасида «Яндекс.Такси» дастури ўрнида жойлаштирилади. Янги илова олдингисига киритилган хизматларнинг барча асосий технологияларини ўз ичига олади. «Бунинг ёрдамида хизмат буюртмаларини бажарувчи ҳайдовчилар ва курьерлар камроқ „бўш юришади“ ва янги буюртмаларни камроқ кутишади», — дея таъкидлайди компания.

Ном билан бир қаторда, дастур интерфейси ҳам ўзгаради, аммо «Яндекс.Такси» услуби билан доимий сақланиб қолинади.

«Яндекс.Такси» иловаси фойдаланувчилари «Яндекс Go» га ўтишлари учун уни энг сўнгги версиясига янгилашлари керак. Янги фойдаланувчилар иловани Google Play ва AppStore орқали юклаб олишлари мумкин.

«Яндекс.Такси» 2018 йил апрель ойида Тошкентда ишга туширилган ва у ҳозирда Фарғона, Марғилон ва Наманганда ҳам мавжуд. Шу йил бошида, таксилар сафари билан бир қаторда, етказиб бериш хизмати ҳам йўлга қўйилган эди.