Депутатлар авторанспорт воситасини суғурта йўқлиги учун жарима майдонига қўймаслик тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди, дея маълум қилди депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида.

Ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида транспорт воситалари эгаларининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмаганлиги (ёки ДЙҲХХ ходими сўраган вақтида ёнида бўлмаганлиги) учун транспорт воситасини жарима майдонида мажбурий ушлаб туриш амалиётини бекор қилиш назарда тутилган.

Яқинда «Mening fikrim» веб-порталида «Автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги ёки техник кўрикдан ўтмаганлиги туфайли жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақида"ги таклиф 10000 дан ортиқ овоз олган эди.

Ушбу таклиф Низомга мувофиқ Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан уни амалга ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, дейилади хабарда.

«Ўрганишлар ҳорижий давлатларда хусусан Германия, Англия, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, АҚШнинг бир қатор штатларида фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полислари бўлмаса, маъмурий жарималар белгиланган бўлиб, бироқ транспорт воситасини ушлаб туриш кўрсатилмаганлигини кўрсатмоқда», — деб ёзади депутат Расул Кушербаев.

Қонун лойиҳаси тез орада Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилади.