Ўтган якшанба куни Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Унда 26 йил давомида мамлакатни бошқариб келаётган Александр Лукашенко (80,08% овоз билан) ғалаба қозонди.

Унинг асосий рақиби Светлана Тихановская (10,09%) — ўзи ҳам сайловларда қатнашмоқчи бўлган, ҳибсга олинган блоггер Сергей Тихановскийнинг рафиқаси.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг, сайлов натижаларидан норози бўлганлар Минск ва бошқа шаҳар кўчаларига чиқишди. Норозиликлар тўқнашувларга айланиб, норозиларга нисбатан куч ишлатилишига ва уларнинг хибсга олинишларига олиб келди.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 10 августга ўтар кечаси мамлакат бўйлаб норозилик намойишларида қатнашгани учун 3000 киши ҳибсга олинган, дея хабар берди TUT.by портали. Шунга қарамай, намойишлар эртаси куни ҳам давом этди. 11 августга ўтар кечаси ҳибсга олинганлар сони номаълум.

Беларусь Тергов қўмитаси томонидан ички ишлар ходимларига қарши куч ишлатилиши ва тартибсизликлар бўйича 21 та жиноий иш қўзғатилди. Уларни содир этганликда айбланган 80 киши ҳибсга олинган.

Тўқнашувлар пайтида бир киши ҳалок бўлди. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, намойишчилардан бири ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларининг ёнига номаълум портловчи мосламани ташламоқчи бўлган. «У қўлида портлади, эркак олган жароҳатлари туфайли яшаб кета олмади», — дейилади баёнотда.

Мамлакатда интернетга кириш билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам кузатилмоқда: ижтимоий тармоқлар ишламаяпти, мессенжерлар ҳаммаси хизмат кўрсата олмаяпти, қидирув тизимлари эса узлуксиз ишламоқда. Бунга жавобан Telegram асосчиси Павел Дуров, мессенжер мамлакатнинг кўплаб фойдаланувчиларида ишлашини таъминлаш учун компания Беларусда «антицензура воситаларини» ишга туширганлиги ҳақида хабар берди.

Икки кун давом этган норозилик намойишларида бир нечта журналистлар ҳибсга олинган ва жароҳатланган. «Россия сегодня» ахборот агентлигининг фотожурналисти Илья Питалёв 10 август куни соат тахминан 18 дан бошлаб алоқага чиқмай қўйган. 11 август соат 2 ларда «Наша Ніва» нашри бош муҳаррири Егор Мартинович ғойиб бўлган, бу пайт у SOS-хабарини юборишга улгурган. Намойишни тарқатиш пайтида «Белсат» телеканали журналистлари Алена Щербинская ва Татьяна Белашова ҳибсга олинган. Бобруйскда журналист Алес Чигир ва унинг рафиқаси Данутани, Брестда журналистлар Милан Харитонов ва Алес Левчуклар ҳибсга олинган. «Медуза» журналисти Максим Солопов жароҳат олган. Тунда Getty Images фотожурналисти Михаил Фридманга қараб ўқ узишган. Ўқ аккредитацияга теккан. Daily Storm мухбирлари Антон Старков ва Дмитрий Ласенко, улар билан бирга WarGonzo лойиҳасининг яратувчиси Семён Пегов ҳам хибсга олинган. Кейинчалик Старков ва Ласенко озод қилинди. Семён Пегов Минскдаги Окрестина кўчасидаги тергов ҳибсхонасида ушлаб турилмоқда.

Оппозициянинг сайловдаги номзоди Светлана Тихановская мамлакатдан чиқиб кетди ва Литвага кўчиб ўтди. Унинг ишончли вакили Олга Ковалкованинг сўзларига кўра, амалдаги президентнинг асосий рақиби мамлакатдан Беларусь ҳукумати томонидан чиқариб юборилган.

Сешанба куни Светлана Тихановская видеомурожаатида шундай деди: «Бу кампания мени жуда қаттиқлаштирди ва менга шунча куч берди, мен ҳамма нарсага бардош бера оламан деб ўйлаган эдим. Аммо, эҳтимол, мен аввалгидай кучсиз аёл бўлиб қолаверарман. Мен ўзим учун жуда қийин бўлган қарорни қабул қилдим… Ва биламанки, кўпчилик мени тушунади, кўпчилик мени қоралашади ва кўплари мендан нафратланишади. Аммо биласизми, ҳеч кимга бундай ҳолатга дуч келишини худо кўрсатмасин. Шунинг учун, одамлар, ўзингизни асранг, илтимос — ҳозир содир бўлаётган нарсалар ҳеч бирингизнинг ҳаётингизни ҳафвга қўйишингизга арзимайди. Ҳаётимизда мавжуд бўлган энг муҳим нарса — болалар», — деди у.

Аввалроқ Светлана Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овозларни санаб чиқилиши юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган, у ерда у билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари суҳбатлашган. У бинони бошқа кириш жойи орқали тарк этган, шундан кейин унинг қаердалиги ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган.

Халқаро ҳамжамият Беларусдаги сайловларга бошқача баҳо берди. Александр Лукашенкони ғалаба билан биринчи бўлиб Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзинпин табриклади, деб ёзади ИА Belta ва тез орада Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам табриклаган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Александр Лукашенкони ғалабаси билан табриклади.

Украина раҳбари Владимир Зеленский Беларус ҳукумати ва намойишчиларни очиқ мулоқот қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, зўравонликнинг авж олиши «ўта оғир оқибатларга олиб келади».

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакат расмийларини тинчликни сақлашга ва одамларнинг тинч йиғилишларга бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирмоқда. Шунингдек, у фуқаролар бу ҳуқуқдан тинчлик ва қонунни бузмасдан фойдаланишнинг муҳимлигини таъкидлади.

АҚШ сайловлар атрофидаги вазиятдан хавотирда эканлигини билдирди. АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Беларусдаги сайловларни эркин ва адолатли эмас деб атади. АҚШ ҳукумати Беларусь ҳукуматини тинч йиғилишлар ҳуқуқини ҳурмат қилишга ва куч ишлатмасликка чақирди, дея хабар берди «ТАСС».

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси Хендрик Дамс Беларусь сайловларининг ҳаққонийлигини шубҳа остига қўйди. У, шунингдек, «тинч намойишчилар, фаоллар ва журналистларни кенг қамоқда ушлаб турилиши» га эътибор қаратиб, «муддатидан олдин сайлов ўтказишнинг барча тартиби» ни шубҳа остига қўйди.

Германия Вазирлар Маҳкамасининг таъкидлашича, президент сайловлари пайтида демократик сайловлар учун минимал стандартларга риоя қилинмаган. «Шу муносабат билан, Беларусь ЕХҲТ кузатувчиларининг ишлаши учун ҳеч қандай имконият бермаганидан жуда афсусдамиз. Мамлакат сиёсий раҳбарияти халқнинг хоҳиш-иродасини қабул қилиши керак», — деди Германия Вазирлар Маҳкамасининг расмий вакили Штефен Зайберт, дея хабар берди TUT.by унинг сўзларидан иқтибослар келтирган ҳолда. Германия Вазирлар Маҳкамасининг фикрига кўра, Европа Иттифоқи Беларусдаги вазият бўйича умумий позицияни ишлаб чиқиши керак.