Олий Мажлис Сенатининг видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтаётган олтинчи ялпи мажлисида «Таълим тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди. Қонуннинг амалдаги таҳрири 1997 йилда қабул қилинган.

Ҳужжатда давлат таълим муассасаси, давлат таълим стандартлари, нодавлат таълим ташкилоти, мутахассислик ва бошқа тушунчаларга аниқлик киритилди.

Қонун билан мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг тури ҳисобланиши, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш, уларни интеллктуал, маънавий-маърифий, этик, эстетик ва жисмоний ривожлантириш, шунингдек, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга йўналгани белгиланди.

Қонунда таълим шакллари сифатида дуал (касбий), масофавий ва инклюзив таълим, мустақил таълим, экстернат тартибида ўқитиш ва бошқалар санаб ўтилди.

Ҳужжат билан таълим соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, ҳукумат ҳузуридаги Таълим сифатини назорат давлат инспекцияси, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, шунингдек, жойлардаги ваколатли органлари ва давлат ҳокимияти органлари ваколатларига аниқлик киритилди.

Қонунда педагогик ходимларнинг ҳуқуқий мақоми, улар фаолияти кафолатлари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, унда ота-оналар ва таълим олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, таълим олувчилар ва педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш мезонлари ҳам мустаҳкамланди.

Қонун кучга кириши учун президент томонидан имзоланиши керак.