22 июль куни Ўзбекистонда 498 та коронавирус ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Янги ҳолатларнинг 93 таси карантин муассасаларида, 405 таси тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сурхондарё вилоятида 1 нафардан, жами 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида жами 351 нафар бемор соғайиб, коронавирус инфекциясидан соғайганлар кўрсаткичи бўйича рекорд натижа қайд этилди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 18 379 нафар бемордан 9 872 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 53 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 8 409 нафар бемордан 102 нафари оғир, 27 нафари эса ўта оғир аҳволда.