Мамлакатга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилганлиги сабабли ва улар давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли Республика махсус комиссиянинг қарорлари тўлиқ эълон қилинмаяпти. Бу ҳақда адлия вазири ўринбосари адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Маълум қилинишича, Адлия вазирлигига ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларни қизиқтирган «Ўзбекистон Республикаси коронавирус инфекциясининг янги турини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ва Махсус комиссия қарорлари нима учун тўлиқ шаклда эълон қилиниб, ёритилмаяпти?» деган савол келиб тушган ва адлия вазирининг ўринбосари унга брифинг давомида жавоб берди.

Музраф Икрамовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган эди, аммо қуйидаги объектив ва мантиқий сабабларга кўра эълон қилинмаган:

  • Дастур биргина ҳужжатдан иборат эмас, у ўз ичига комплекс чора-тадбирларни олади, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам эмас ва шунга кўра, мажбурий эълон қилиниши шарт эмас;
  • унга мамлакатга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилган бўлиб, давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли ушбу маълумотларни ошкор қилиш мақсадга мувофиқ эмас;
  • ҳужжатда вазирлик ва идораларга фуқароларнинг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муайян вазифаларни бажариш бўйича асосан ташкилий чоралар кўзда тутилган;
  • Дастур юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди, умуммажбурий қоидалар киритилишини кўзда тутмайди.

Дастур — кечиктириб бўлмайдиган чоралар мажмуасидир, мазкур масалада қабул қилинаётган Ўзбекистон президентининг ҳужжатлари, ҳукуматнинг қарорлари, Махсус комиссия қарорларининг барчаси Дастурни тўлдиради.

«Коронавирусга қарши кураш жараёни содир бўлаётган воқеаларга тезкор муносабат билдириш ва эпидемиологик вазиятнинг ўзгаришига нисбатан сафарбарлик ва бошқа резервларни ишга солиш бўйича қарорларни кечиктирмасдан қабул қилиш лозимлигини кўрсатди, бу борадаги маълумотлар эса чекланган характерга эгадир», — деди адлия вазири ўринбосари.

Шу боис Махсус комиссиянинг протоколлари ҳам қисқартирилган кўринишда эълон қилинаётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, протоколларнинг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари расмий ахборот кўринишида мажбурий тартибда мавжуд барча коммуникация каналлари орқали тарқатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Музраф Икрамов Республика махсус комиссия қарорлар чиқаришга қанчалик ваколатлигига ойдинлик киритганди.