Ўзбекистонда 2020 йилнинг биринчи ярмида (январь-июнь ойлари) жами 2388 та содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларидан 642 таси ўлим билан боғлиқ бўлган, дея маълум қилди Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси.

Унга кўра, мамлакат ҳудудида муайян давр давомида жами 2388 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, бу ўтган йилга нисбатан деярли 7 фоизга кам (2019 йили I ярмида — 2564 та). Ушбу ЙТҲлардан 642 тасида ўлим ҳолатлари қайд этилган. Мазкур ҳодисалар оқибатида умимий 1746 киши тан жароҳати олган.

Таъкидланишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг 383 таси болалар, 1154 таси пиёдалар ва 101 таси велосипед иштирокида содир этилган.

Шунингдек, ҳисобот даврида йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари қаторида пиёдалар йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтиши (26,2 фоиз), белгиланган тезликка риоя қилмаслик (14,5 фоиз), пиёда йўлга тўсатдан чиқиб қолиши (10,3 фоиз), қувиб ўтиш ёки қарама-қарши йўналишга чиқиш (7 фоиз), велосипедлар йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиши (5,3 фоиз), ҳайдовчиларни рулда ухлаб қолиши (5,1 фоиз) ва автомобильни маст ҳолатда бошқариш (4,2) каби ҳолатлар бўлган.

Йўл транспорт ҳодисалари содир этилиш вақти асосан кундузги (61 фоиз), қолган 39 фоизи тунги вақтга тўғри келади.

Маълум қилинишича, Республика бўйлаб энг кўп ЙТҲ Фарғона вилоятида — 357 та, Тошкент вилоятида — 304 та ва Тошкент шаҳрида — да 274, энг ками эса Сирдарё (55 та), Жиззах (59 та) ва Навоий (78 та) вилоятларида қайд этилди.

Манба: ИИВ ЙҲХББ