Президент Шавкат Мирзиёев «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонга имзо чекди, дея хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали. Ушбу ҳужжат билан 2024 йилгача бўлган товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Фармонга мувофиқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Олий Мажлис Сенати ва президентга ҳисобдор. Қўмита давлат органларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузувчи қарорларини бекор қилиш ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чора қўллаш бўйича таклифлар киритиш, картель келишувлар ва тил бириктиришларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда аниқлаш, давлат иштирокидаги корхоналарнинг ташкил этилиши устидан назоратни олиб бориш каби вазифаларни амалга оширишда бевосита Ўзбекистон президентига мунтазам равишда ахборот киритиб боради.

Таъкидланишича, 1 октябрдан бошлаб 1 товар бозорида 5 ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган соҳаларда (мудофаа ва миллий хавфсизлик мақсадида ташкил этилган компаниялардан ташқари) давлат муассасаларининг таъсис этилишига йўл қўйилмайди.

Мазкур фармон билан давлат харидларига амалга ошириш бўйича механизмларига ўзгартиришлар киритилади. Жумладан, 2021 йил 1 январь кунидан бошлаб давлат буюртмачиси, тендер, танлов ва энг яхши таклифлар танлаб олишда ҳамда тўғридан тўғри музокаралар ўтказилишидан олдин у билан аффиланган (боғлиқ) бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни давлатлар харидларини махсус ахборот порталига жойлаштиришга мажбур бўлади.

Давлат бошқарув органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, табиий монополия субъектлари ва товар ёки молия бозорида устун мавқега эга корхоналар ҳамда охирги 3 йилда товар сотишдан олинган жами тушумнинг ўртача йиллик миқдори 30 млрд сўмдан ошадиган корпоратив буюртмачилар томонидан ўз фаолиятининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича «монополияга қарши комплаенс» тизими жорий этилади. Бу тизимни 2020−2021 йилларда босқичма-босқич татбиқ этиш вазифаси янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилган.

Шу ва бошқа тадбирлар натижасида монопол корхоналар сони 40 фоизга қисқариши, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни ва инвестицион жозибадорлиги ошиши, бизнес иштирокининг кенгайиши ҳамда иш ўринлари сонининг кўпайишига эришиш кутилмоқда.