Бухоро вилоятида Damas русумли тез тиббий ёрдам автомашинаси иштирокида содир этилган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши вафот этди, дея хабар берди ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 7 июль куни соат 05:25 ларда, Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг 345-километрида тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси 1988 й.т. Е.П. «Damas» русумли транспорт воситасини бошқариб кетаётиб эҳтиётсизлиги оқибатида йўл четида тўхтаб турган ҳайдовчи 1970 й.т. А.С. бошқарувидаги «Isuzu» русумли юк автомашинасининг орқа қисмига бориб урилган.

«ЙТҲ натижасида „Damas“ русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси 32 ёшли Е.П. ва йўловчиси 28 ёшли А.Х.лар оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этишган», — дейилади хабарда.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Пешку тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.