Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан чиқарилган 15 кунлик маъмурий қамоқ муддати 2 кунга қисқартирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

29 май куни Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 майдаги қарорини ўзгартирди.

27 май кун куни Усмонжон Қодировга МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.

Кассация инстанцияси биринчи инстация суди Усмонжон Қодировга нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олмай, бир мунча оғир жазо тайинлаганини тан олди.

Кассация инстанцияси қарорига кўра, 15 сутка қамоқ жазоси ўзгартирилиб, 2 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазо тайинланди. Бугун, 29 май куни журналистга жавоб берилиши кутилмоқда. Шунингдек, Усмонжон Қодиров маъмурий қамоқ ҳаражатларидан озод қилинди.

27 май куни Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг «Facebook»даги саҳифасида «Гап ёшда эмас, ниятда…» сарлавҳали хабар қолдирилган. Унда айтилишича, Muxbir Daliyеv телеграм каналида Фарғона телерадиокомпанияси мухбири Усмонжон Қодировнинг «Фарғона вилоятида Президент ташрифига тайёргарлик юқори даражада» сарлавҳали хабари тарқатилган. Унда, «завод ходимлари йўл четларини тозалаётгани, лекин улар қайси завод ишчиси эканлигига ойдинлик кирита олмагани» айтилади ва «қачонгача бундай ишлар давом этади… Катта раҳбар келса шунга тайёрланиш керак-ми?» деган савол қўяди.

Ҳокимлик баёнотига кўра, Фарғона шаҳридаги йўлларни асфальтлаш, гулларни суғориш, йўл четларини тозалаш ва ободонлаштириш шу ишларга масъул идораларнинг ишчилари томонидан амалга оширилган. «Телемухбир Усмонжон Қодиров улар ким, аслида қаерда ишлашини сўраб сўриштирмай, аниқлик киритмай туриб „завод ишчилари“ дея ахборот тарқатган», — дейилади ҳокимлик баёнотида.

Бундан ташқари, «Озодлик» радиоси Марғилондаги «Ҳунармандлар маркази»да зарарсизлантириш ишларини олиб бораётган оқ кийимдаги вилоят СЭОМ мутахассисларини «Марғилон шаҳар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари» дея ёлғон ахборот берганлиги, ушбу ҳолат бўйича Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати далиллар билан асосланган баёнот бергани ва ундан хабардор бўлганига қарамай Усмонжон Қодиров ижтимоий тармоқда «Менимча Марғилондаги шифокорлар бўйича гаплар ҳам ростга ўхшайди» деб ёзганлиги айтилади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилоят телерадиокомпанияси мухбири Усмонжон Қодиров билан юзма-юз суҳбатлашган. Унда Усмонжон Қодиров «шошма-шошарлик билан масалани ўрганмай, далилларни текширмай туриб ёлғон ахборот» тарқатганини тушуниб етганини билдирган, бунинг сабабини «ёшлик қилганимда» дея изоҳлаган ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан узр сўраган.

Суд қарорида айтилишича, Усмонжон Қодиров 27 май куни соат 15:30 лар атрофида Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида юзига ниқоб тақмасдан кетаётган бўлган. Уни шу ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Фарғона шаҳар ИИБ профилактика инспектори М.Ҳамралиев тўхтатиб, шахсини аниқлаш учун ИИБ таянч пунктига бориши лозимлигини айтган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Усмонжон Қодиров ИИБ ходимини қонуний талабларини бажармасдан, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини давом эттирган ва М.Ҳамралиевни уятли сўзлар билан сўкиб, бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган.

Усмонжон Қодиров кассация шикоятида, суд қилмишидан пушаймонлигини ва жабрланувчидан кечирим сўраганлигини инобатга олмасдан оғир жазо тайинлагани сабабли, жазони енгиллаштиришини сўраган. Ўз навбатида, М.Ҳамралиев ҳам Усмонжон Қодиров ундан кечирим сўрагани сабабли уни кечирганини, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини инобатга олиб суд томонидан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини енгиллаштиришни сўради.

Кассация инстанцияси суди, кассация шикоятларини иш материалларига қўшиб, текшириб чиқиб, иш материалларини таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорини ўзгартириб, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топди.

Қайд этилишича, касация инстанция судида жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этган Фарғона ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов Усмонжон Қодировни ижобий тавсифлаган ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қонунда назарда тутилган енгиллик беришни сўраган.

18:56 да хабар тўлдирилди: Журналист озод қилинди.