«Ўзбекистон темир йўллари» ижтимоий тармоқлардаги пойтахтда ер усти метроси эстакадаси устунлари яқинида ер ўпирилгани акс этган фотосуратлар бўйича изоҳ берди.

Компаниянинг Капитал қурилиш дирекцияси мазкур ҳолатни ўрганди ва ҳодисага тупроқ ўпирилишига диаметри 1200 мм бўлган сув қувури устига ўрнатилган ҳимояловчи П шаклидаги бетон плитанинг синиши сабаб бўлганини аниқлади.


Тошкент «Сувсоз» ДУК вакилларининг сўзларига кўра, сув қувури кострукцияси шикастланмаган ва сув сизиб чиқиши содир бўлмаган. Эҳтимолларга кўра йўл қопламаси ва бетон плита оммавий ташқи босимга (кўп тоннали юк машиналари) дош бера олмаган. Ҳодиса сабаблари тегишли хизматлар томонидан ўрганилмоқда.

«Фуқароларимиз ҳодисанинг қурилиш олиб борилаётган ҳалқа метро тармоғига таъсир кўрсатиши ҳақида хавотирга тушишларига асос йўқ. Ҳодиса жойи билан қурилаётган ер усти эстакадаси таянч устунлари ўртасида 10 метр масофа бўлиб, мутахассисларнинг сўзларига кўра, объекга хавф туғдирмайди», — дейилади хабарда.