Пойтахдаги Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 14 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар ИТИ клиникасидан эса 2 нафар бемор буткул соғайди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

ТТА клиникасида соғайганларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафардан. Улардан 9 нафари Туркиядан Истамбул — Тошкент йўналишида, 3 нафари Россиядан Москва — Тошкент йўналишида, 1 нафари эса Сеул — Тошкент йўналишида чартер рейслар орқали келишган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 1 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 8 нафари эркак, 6 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 63 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 49 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 63 нафарга етди.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар ИТИ клиникасида соғайиб чиққан 53 ёшли ва 38 ёшли беморлар (аёл) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 75 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 77 нафарга етди.

Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 33 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганларнинг 30 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Улардан 29 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Хоразм, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 5 нафардан, Бухоро ва Андижон вилоятларидан 4 нафардан, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан 3 нафардан, Навоий, Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.

Хоразм вилоятидан айни пайтга қадар 61 нафар бемор буткул соғайган бўлса, эндиликда улар 94 нафарга етди.

Ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 859 нафарга етди.