27 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1887 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 330 киши даволанмоқда, улардан 77 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 117 бемор даволанмоқда, 32 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 69 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 144 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳозирги вақтга келиб, Республикадаги мавжуд вирусологик лабораторияларда ўтган куннинг ўзида 8 400та, шу вақтгача 250 мингта тест синовлари ўтказилди, деди Нурмат Отабеков.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 789 кишини ташкил этмоқда. Саккиз киши ҳаётдан кўз юмган.

Маълумот учун, АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 2,97 миллиондан зиёд одамларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Бундан 865 836 нафари инфекциядан соғайган, 206 549 нафар бемор вафот этган.