15 апрель куни соат 21:00ларда Тошкент вилояти Зангиота тумани «Туркистон» қишлоғи ҳудудида Naxia ва Lacetti автомобиллари тўқнашуви содир бўлди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, 1995 йилда туғилган ҳайдовчи И.А. Nexia автомобилини ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи махсус стикерсиз бошқараётиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетган. Оқибатда қаршисидан ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи М.Н. (1968 й.т.) бошқарувидаги махсус стикерсиз Lacetti билан тўқнашув содир этган.

Тўқнашувда Nexia ёниб кетган ва натижада, унинг ҳайдовчиси И.А. ЙТҲ жойида вафот этган, иккинчи енгил автомобиль йўловчиси Д.Н. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

ИИВ йўл ҳаракати иштирокчиларидан карантин вақтида заруратсиз кўчага чиқмаслик ҳамда ҳаракатланганда «Йўл ҳаракати қоидалари»га амал қилишни яна бир бор сўради.