Хитойнинг PetroChina нефт-газ компанияси табиий газ импортини қисман тўхтатиши ҳақида яқин ҳамкорларини огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон томони ушбу мазмундаги мактубни қабул қилгани, аммо айни пайтда газ етказиб бериш тўхтатилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га муносабат билдирди.

«Ўзбек томони Хитой компаниясидан табиий газ импорти ҳажмининг қисқариши ҳақида огоҳлантириш олган. Аммо табиий газ етказиб беришда тўхталиш бўлмади ва ишлар одатий нормада давом этмоқда», — деди вазирлик матбуот котиби Эльмира Бекмуродова.

Аввалроқ PetroChina айрим турдаги табиий газ, хусусан сиқилган ва қувурлар орқали импорт қилинаётган газ сотиб олиш шартномаларини тўхтатгани хабар берилганди. Бу ҳақда хабар тарқатган Reuters агентлигига кўра, коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши мавсумий газ истеъмоли суръатига салбий таъсир қилмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумоти бўйича, Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан бири ҳисобланади. 2019 йил 11 ой якуни бўйича Ўзбекистон Хитойга 2,1 млрд доллар қийматидаги товар ва хизматларни экспорт қилган. Мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятида эса газ экспорти қарийб 20 фоизли улушга эга.

Расмий Тошкент ҳолатга изоҳ бериб, Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспорти кейинроқ камайишини истисно этмади. Шунингдек, экспорт ҳажмидаги тушиш рақамларда ошкор этилмаган.