Хитойнинг PetroChina компанияси айрим турдаги табиий газ, хусусан сиқилган ва қувурлар орқали импорт қилинаётган газ сотиб олиш шартномаларини тўхтатди, деб хабар бермоқда Reuter ўз манбасига таянган ҳолда. Агентлик хабарида таъкидланишича, коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши мавсумий газ истеъмоли суръатига салбий таъсир қилмоқда. Reuter ушбу вазиятдан PetroChinaгаз экспортчи ҳамкорлари огоҳлантирилган, деб ёзади.

Давлат статистика қўмитаси маълумоти бўйича, Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан бири ҳисобланади. 2019 йил 11 ой якуни бўйича расмий Тошкент Хитойга 2,1 миллиард доллар қийматидаги товар ва хизматларни экспорт қилган. Мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятида газ экспорти қарийб 20 фоизли улушга эга экани ҳисобга олинса, PetroChina тарқатган баёнот Ўзбекистон экспорт салоҳиятига ҳам таъсир ўтказади.

«Газета.uz» Ўзбекистонда табиий газ экспорти шартномаларига масъул ташкилот — «Ўзтрансгаз» компанияси билан боғланди. Жамият матбуот котиби ушбу хабар на инкор этди, на тасдиқлади. У айни пайтда ушбу масала юзасидан маълумотга эга эмаслигини билдирди.

PetroChina газ импортини тўхтатиб қўйишни экспортчи давлатларда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмининг тушиб бориши билан боғланмаган. Негаки, «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг «Газета.uz»га билдирган маълумотида, жорий йил дастлабки икки ойида компания томонидан табиий газ қазиб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 19 фоизга ошган.

«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси табиий газ қазиб чиқариш масаласида «Ўзбекнефтгаз»дан ташқари, ўзбек бозорида Россиянинг «Лукойл» компанияси ҳам иш олиб боришини таъкидлаб ўтди.

«Уларнинг иш суръати аниқ рақамлар билан ошкор кўрсатилмаган. Шунга қарамай, ўтган даврда компаниянинг табиий газ қазиб чиқариш ҳажми деярли 50 фоизга тушганди», — деди манба.

Ушбу маълумотга ойдинлик киритиш ва тасдиқлаш учун «Лукойл» компанияси Ўзбекистондаги вакиллиги билан боғланиш бесамар кетди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 5 март куни Россиянинг «ЛУКОЙЛ» компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилганди. Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилгани таъкидланган.

Бугунги кунда компаниянинг қўшма лойиҳаларга киритган сармоялари ҳажми 10 миллиард доллар атрофида. Йилига 8 миллиард куб метрдан зиёд табиий газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Устюртдаги конларни ўзлаштириш давом этяпти.