Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев «Ўзбекнефтегаз» АЖ бошқарув раиси этиб тайинланди, деб хабар берди компания матбуот хизмати. Аввалги раҳбар Баҳодир Баҳромович Сидиқов бошқа ишга ўтганлиги сабабли истеъфога чиқди.

Меҳриддин Абдуллаев (1969 йилда туғилган), 2017 йил декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (1993) ва Тошкент давлат юридик институтини (2005) тамомлаган.

Аввалроқ, 2016 йилда у Бухоро вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича биринчи ўринбосари, 2017 йилда ҳокимликларнинг бошқарув тузилмаси янгиланганидан кейин у вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2010−2012 йилларда у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижрочи директори, 2012−2015 йилларда — Молия вазирининг ўринбосари, 2015−2016 йилларда — Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ижрочи директори.

2006−2010 йилларда Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2003−2006 йилларда — Марказий банкнинг Бухоро вилояти Бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.