Алишер Навоий номидаги кино саройида Олий лига ҚВЗ ўйинларининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Финалга уч жамоа етиб борди — Мудофаа вазирлигининг «Йирик калибр» жамоаси, «18+» ва «Beats». Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Газета.uz»га хабар берди.

Дастлабки «Таништирув» шартини «18+» жамоаси бошлаб берди. Ҳаётий ҳазиллар, дўстона юмор финал ўйинларида илк бор иштирок этган жамоанинг ўзига хос ютуғи бўлди. «Beats» жамоаси эса мамлакатда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кулгили тарзда омма эътиборига ҳавола этди.

«ҚВЗ» тарихида ҳали саҳнага 50 нафар қорбобо чиққан эмас эди. Армия ҚВЗчилари биринчи шартга тантанавор тайёргарлик кўриб, ҳарбий либосни кўйлак ва смокингга алмаштириб чиқди.

Биринчи шарт бўйича максимал балл «Йирик калибр» жамоасига насиб этган бўлса, «Beats» ва «18+» тегишли равишда кейинги ўринларни эгаллади.

Жамоалар Ўзбекистон ҚВЗ чемпиони бўлиш учун «мусиқий уйга вазифа», «сардорлар беллашуви», «видеотанлов» шартлари бўйича ўзаро курашди.

Барча шартлар якунига кўра, армия ҳазилкашлари 19,3 балл билан 2019 йил чемпионига айланди. «Beats» жамоаси 18,7 балл билан иккинчи поғонани эгаллаган бўлса, «18+» жамоаси 15,7 балл билан кучли учликка якун ясади.