Тошкент халқаро аэропортига хориждан учиб келган фуқаро А.Д.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Натижада, унинг юклари орасидан декларацияда кўрсатилмаган ва божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган 1 дона учувчисиз учиш қурилмаси (дрон) борлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 2 май куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-534-сонли Қонуннинг 1-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2444-моддаси билан тўлдирилган бўлиб, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур Қонуннинг 1-моддаси 2019 йил 4 ноябрдан амалга киритилади.