Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги чорва экспортига тақиқ жорий этишни режалаштирмоқда, дея хабар қилди «Казинформ» агентлиги.

Қозоғистон парламенти Сенатининг Аграр масалалар, табиатдан фойдаланиш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида агросаноат мажмуасини назорат қилиш масалалари бўйича бир қатор қонун ҳужжатларига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унда сенатор Али Бектаев мамлакат гўштга қараганда чорва молларини кўпроқ экспорт қилаётганини хабар қилди.

«Бу ҳам йирик чорва, ҳам қўйлар. Жорий йилнинг ўзида чорва экспорти икки баробарга ўсди. Ушбу йўналишдаги экспорт сиёсатини ўзгартириш зарур», — деди у.

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Сапархан Омаров мамлакатда сигирларни олиб чиқишга тақиқ жорий этилганини маълум қилди.

«Республика бўйича 78 та чорвачилик мажмуалари мавжуд бўлиб, улар орқали асосан Ўзбекистонга чорвалар экспортга йўналтирилади. Биз улардан 50 тасига хорижга чорва сотишни тақиқлашни режалаштирмоқдамиз, чунки ҳозирда оқимни кузата олмаяпмиз, кейин эса вазиятни назоратда ушлаб турамиз», — деди у.

Сапархан Омаров айни пайтда гўшт комбинатлари билан уларга чора етказиб беришга субсидиялар жорий этиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини таъкидлади.

«Шу каби усуллар билан ушбу масалани ҳал этишни хоҳлаймиз. Бугунги кунда мамлакатда 175 та қайта ишловчи корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, улар бор-йўғи 38−40 фоиз қувватда ишламоқда», — деб тушунтирди вазир.

Жавоб тариқасида депутатлар чорва экспортига тўлиқ тақиқ қўйишни таклиф қилишди, дея хабар берди «Казинформ».

Аввалроқ январь-июнь ойларида Ўзбекистон 59,3 млн доллар эвазига 72,2 минг бош йирик шохли чорва экспорт қилгани, унинг 63,6 минг боши (умумий экспортнинг 84,5 фоизи) Қозоғистондан экани хабар қилинган эди.

Ярим йил давомида 13,1 млн долларлик 159,2 минг бош жонли қўй ва эчки ҳам импорт қилинган. Бунда импорт ҳажмининг 96,6 фоизи — 153,9 минг бош қўй ва эчки 12,2 млн доллар эвазига Қозоғистондан олиб келинган.

Июнь ойи охирида Қозоғистонда олти ой муддатга жонли чорвани олиб чиқишни тақиқлаш тўғрисидаги буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилаёгани ҳақида маълум бўлган эди. Бунга Ўзбекистонда фермерчиликни ривожлантириш, унинг доирасида («Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури) аҳолига бошқа давлатлардан чорва сотиб олишга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди. Фермерлар жадаллик билан Қозоғистонда бозор нархидан 5−10 фоиз қимматига чорва сотиб олишни бошлади.

Агарда ўтган йили Қозоғистондан Ўзбекистонга 50 минг бошга яқин йирик шохли жонли чорва сотиб олинган бўлса, жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 63,5 минг бошга етган. Мазкур ҳолат Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қалтис вазият сифатида баҳоланди.