19 сентябь куни Халқ депутатлари Бойсун тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Тўраев Ўктам Исмоилович бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Бойсун тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди, дея хабар қилди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати. Шу кунгача Сариосиё тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Жўраев Асқарали Чориевич Бойсун тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Асқарали Жўраев (1972 й. т.) — Наманган саноат-технология институти (1994), Тошкент давлат юридик институти (2002) тамомлаган. 2016 йилда Сариосиё тумани ҳокими этиб тайинлангунга қадар, Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси органларида турли лавозимларда фаолият юритган.

19 сентябрь куни, шунингдек, Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Чориев Нормўмин Омонович бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Қумқўрғон тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди. Шу кунгача вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Гаппаров Раҳматулло Бобохонович Қумқўрғон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Раҳматулло Гаппаров (1984 й. т.) — Тошкент ирригация ва мелиорация институтини (2005) тамомлаган. 2018 йилда Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангунга қадар, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.