Ўзбекистон ҳукуматининг 12 сентябрдаги қарори билан Минхажидин Мирзажанович Ходжиматов Республика Маънавият ва маърифат марказининг раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Telegram-канали хабар қилди.

Марказнинг аввалги раҳбари Алишер Қодиров май ойида «Миллий тикланиш» партияси раҳбари этиб сайланган эди.

Шоир ва журналист Минхажидин Ходжиматов (Минхожиддин Мирзо) 1965 йилда туғилган, 1990 йилда Тошкент давлат университети Журналистика факультетини тамомлаган.

Ўтган йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. 2013−2014 йилларда Ўзбекистон маданият ва спорт вазири бўлган. 2012−2013 йилларда — Миллий телерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари бўлган.