2019 йил 9 сентябрда соат тахминан 04:30 ларда Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексига қарашли бинонинг орқа ховлисидан фуқаро Д.Х. (1996 й.т.) ва М.Т.(1997 й.т.)нинг 2019 йил 2 сентябрда туғилган қиз чақалоқлари тирик ҳолда топилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган, бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан чақалоқлар вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, 2019 йил 9 сентябрда соат тахминан 03:30 ларда фуқаро Д.Х. 2019 йил 2 сентябрда туғилган фарзандини олдига кириб, уни оёғи нотекис (нуқсонли) туғилганлигидан аччиқланиб, ундан қутилиш мақсадида ўз чақалоғи билан биргаликда, келгусида содир этаётган қилмиши фош бўлиб қолишини олдини-олиш мақсадида шу хонада ётган М.Т.нинг қиз чақалоғини ҳам олиб, дераза ойнаси орқали уларни туғруқ комплексининг 2-қаватидан пастга улоқтириб юборган. Оқибатда икки чақалоқ оғир тан жароҳатлари олган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 9 сентябрда туман прокуратураси томонидан фуқаро Д.Х.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-кисми «а,в» бандлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси масъул шахсларига нисбатан 116-моддаси 4-кисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Д.Х. процессуал тартибда ушланган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.