2017 йилдан буён Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бутун мамлакатда аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларининг арзон турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш учун арзон уй-жойлар қурилиши бошланди. 2018−2019 йилларда Тошкентнинг Сергели тумани «Чоштепа» маҳалласи ҳудудида 72 та кўп квартирали уйлар қурилиши ана шундай лойиҳалардан биридир.

Кўпчилик аҳоли учун «ҳаммабоп» тушунчаси имтиёзли ипотека ёки, ҳаттоки, турар жойнинг мулкка эгалик ҳуқуқисиз турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи билан беғараз топширилиши деган маънони англатади. Бироқ ногиронлиги бўлган инсонлар учун «ҳаммабоп» сўзи биринчи навбатда атроф-муҳитнинг жисмонан қулай бўлиши демакдир.

23 июль куни бутун мамлакат бўйлаб 26 та ногиронлар ташкилотини бирлаштирган Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси «Жамоат назорати тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, «Чоштепа» маҳалласидаги ногиронлиги бўлган шахслар яшаши учун махсус қурилган янги арзон турар жойлар мониторингини ўтказди.

Мониторинг жараёнида видеорепортаж тайёрланди, ўқувчиларимизга уни албатта томоша қилишни тавсия этамиз.

YouTube орқали томоша қилиш

Мониторинг якунлари бўйича «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун, санитария-гигиена ва қурилиш нормалари, жумладан «Аҳолининг болалар ва катта ёшли ногирон ва ҳаракатланиши чекланган гуруҳлари фойдаланадиган турар жой ва жамоат биноларини лойиҳалаштириш ва қуриш» (СанПиН№0266−09), «Ногиронлар ва аҳолининг ҳаракатланиши чекланган гуруҳлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳаётий фаолият муҳитини лойиҳалаштириш» Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (2.07.02.-07) ва бошқа талабларга риоя этилмагани аниқланди.

Тўсиқ: яроқсиз пандус

Ногиронлик аравачасидан фойдаланувчи киши асосий тўсиққа дарҳол — подъездга киришдаёқ дуч келади. Биринчи бўлиб тахланувчи пандус гайкасини айлантириш керак бўлади. Бироқ ногиронлик аравачасидан мустақил фойдаланувчи инсон ёлғиз бўлса, буни қандай амалга ошира олади? У хоҳлаган тақдирда ҳам пандусни мустақил ўзи тушира олмайди.

Сўнгра 30 даражадан юқори бўлган қияликдаги пандус орқали юқорига кўтарилиш керак. Ногиронлик аравачаси кенглиги пандус рельслари кенглигига мос тушмаслик эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Кўриниб турибдики, ўзгалар ёрдамисиз ногиронлик аравачасида бундай «пандус» орқали тушиш ёки кўтарилиш мутлақо имконсиз.

СанПиН №0266−09 бўйича пандуснинг рухсат берилган бурчаги пандуснинг ҳар бир марши баландлиги 1:12 бурчакликда (8 фоиз ёки 4,76 даража) 0,6 метрдан ошмаслиги керак. 0,2 метр баландликда — 1:10 (10 фоиз ёки 5,71 даража). Пандуснинг кўндаланг бурчаги 1:50 дан ошмаслиги керак.

Пандуснинг қиялиги — пандус яроқлилигининг асосий мезони ҳисобланади. Агарда қиялик 8 фоизлик (4,76 даража) норматив кўрсаткичдан ошса, ногиронлик аравачалари фойдаланувчилари, болалар аравачаси бўлган ота-оналар ва аҳолининг ҳаракатланиши чекланган бошқа гуруҳлари учун ундан фойдаланиш хавфсиз ҳиобланмайди.

«Мана, шу уйга кўчиб ўтганимга икки ой бўлдики, кўчага бор-йўғи уч марта чиқдим. Бошқа чиқа олмадим, чунки жуда хавфли ва қўрқинчли. Қуёвим ёки бошқа эркак келсагина чиқишим мумкин — фақат улар мени тушириб, олиб чиқишлари мумкин. Улар олдимда бўлмаса, шу ердаги қўриқчилардан илтимос қиламан. Жуда хавфли. Онам менга ёрдам беришга жисмонан қодир эмас. Жуда ноқулай пандус ўрнатишган», — деди яқинда «Чоштепа"даги «арзон» уйга кўчиб ўтган ногиронлиги бўлган аёл.

Кириб бўлмас эшиклар

Ҳар ерда — подъездга киришда, квартирада, ҳожатхонада ва ювиниш хонасида — мавжуд бўлган тўсиқлар ҳам таянч-ҳаракат аппарати бузилишлари бўлган инсонлар, кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар, ҳолсиз одамлар ва аҳолининг ҳаракатланиши чекланган бошқа гуруҳларининг мустақил ҳаракатланишларига тўсқинлик қилмоқда.

«Тўғрисини айтсам, мен ҳожатхона ва ювиниш хонасига киришга қийналаман. Мустақил равишда кириб-чиқа олмайман — арава баланд остонадан ўта олмайди. Шу сабабли аравачани қолдириб, ўзим эмаклаб киришимга тўғри келади. Унитаз ҳам баланд. Шу боис унитаз олдига менга „тапчан“ қилиб беришди. Мен ундан фойдаланаман. Ванна ҳам жуда баланд ва ноқулай», — дейди I гуруҳ ногирони бўлган истиқоматчи аёлларидан бири.

СанПиН №0266−09 талаблари бўйича бинога кириш ва бино эшикларининг кенглиги 0,9 метрдан кам бўлмаслиги керак. Бироқ ногиронлиги бўлган аёлга махсус ажратилган квартирада бунга амал қилинмаган. Ҳожатхона ва ванна эшининг кенглиги 0,6 метр, эни 0,7 метр бўлган стандарт ногиронлар араваси фойдаланувчиси хонага кира олмайди. Бундай ҳолатда инсон ванна ва ҳожатхонага қандай кириши мумкин?

Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси раиси ўринбосари Фарҳод Абдураҳмонов кенглиги 70 см бўлган стандарт ногиронлик аравачаси билан ҳожатхона ва ювиниш хонасига кира олмади. Эшик кенглиги — 60 см. Муаллиф фотоси.

Бундан ташқари, 2.08.01−05 «Турар жой биноси» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида ногиронлик аравачасида ҳаракатланувчи истиқоматчининг эҳтиёжларини ҳисобга олиш мажбурий экани белгиланган. Бу каби тоифаларга мансуб одамларнинг санузелларига унитаз ва ваннадан фойдаланиш учун қулай тутқичлар ўрнатилган бўлиши лозим. Бунда душ, юз-қўл ювиш чаноғи ва ойна таянч-ҳаракат аъзолари бузилиши бўлган одам фойдаланиши учун унинг имкониятларига мос баландликка ўрнатилган бўлиши лозим.

Автобус бекатига қадар бўлган йўл

Бизнинг мониторинг гуруҳимиз энг яқин автобус бекатига етиб олиш учун ногиронлик аравачасида 1,4 км масофани босиб ўтишига тўғри келди. Бундан ногиронлик аравачаси фойдаланувчиси бекатга қадар мустақил етиб бора олмаслиги маълум бўлади, чунки қаттиқ ва текис қопламанинг ўзи йўқ.

СанПиН №0266−09 кексалар ва ногиронлик аравачасидаги ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган квартиралар бўлган уйлардан пиёда бориш мумкин бўлган радиусда кундалик эҳтиёжлар корхоналари ва 200 метрдан ортиқ бўлмаган масофада жамоат транспорти бекатларини ўрнатиш мажбуриятини юклайди.

Қувонтирадиган ҳолатлар ҳам бор. Янги уйларда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун айрим шароитлар яратилган: лифт тугмачаларига Брайл ёзувида қаватлар рақамлари туширилган.

Шу билан ҳаммаси тамом, хўш, ногиронлиги бўлган одамлар учун мўлжалланган уйларни лойиҳалаштиришда қолган норма ва қоидалар нима учун ҳисобга олинмаган? Агарда уйларнинг кириши ва лифтлар пиёдалар йўлаклари билан тенг даражада жойлаштирилганида, подъездга пандус ўрнатишга ҳожат ҳам қолмас эди.

Бошиданоқ лойиҳада подъездга ва квартира ичидаги хоналарга киришда тўсиқсиз технологиялар кўзда тутилганида, санузель эшиклари кенгроқ бўлганида…

Нима учун меъёр ва қоидаларга риоя этилмади?

Вазирлар Маҳкамасининг «Чоштепа» маҳалласида 72 та «арзон» уйларни қуриш тўғрисидаги қарори лойиҳасида бош лойиҳавий ташкилот сифатида Tashkent City лойиҳасини амалга оширишда иштирок этаётган Prime Tower Group МЧЖ кўрсатиб ўтилган. Ҳужжатда, шунингдек, Whitecity Construction МЧЖ бош пудратчи этиб белгиланган. Муаллиф мазкур ташкилотлар билан боғлана олмади.

«Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар ташриф буюрадиган объектлар лойиҳалари Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси билан келишилиши лозим. Муаллиф «Чоштепа» маҳалласидаги 72 та уй лойиҳаси кимлар билан келишилганини аниқлаш учун Ногиронлар уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлимига мурожаат қилди. Бўлим бошлиғи Феруза Восиқова ҳеч ким «Чоштепа» маҳалласидаги лойиҳани келишиш учун мурожаат этмаганини маълум қилди.

«Авваллари ҳар жума куни мени Тошкент Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига чақиришар эди. Олдимизга эскизлар қўйишар ҳамда ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, бизнинг Ногиронлар уюшмамиз лойиҳани тасдиқлар эдик. Бироқ сўнгги вақтларда лойиҳаларни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан „ягона дарча“ орқали келишадиган бўлишди ва мени бошқармага чақирай қўйишди», — дея изоҳ берди Феруза Восиқова.

Муаллиф нима сабабдан қурилиш лойиҳаларини келишишга ногиронлар жамиятларини жалб қилиш тўхтатилгани ҳамда ногиронлиги бўлган инсонлар учун мўлжаллаб қурилган лойиҳа қандай қилиб тасдиқдан ўтганига аниқлик киритиш учун Тошкент Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига мурожаат қилди. Бош бошқарма лойиҳалаштириш бўлими бошлиғи Абдуҳалим Шоҳидов Сергели тумани «Чоштепа» маҳалласи Ўзар кўчаси бўйидаги кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган 72 уй лойиҳаси ким билан келишилгани ҳақидаги саволга: «Бу лойиҳа бизга тааллуқли эмас», — дея жавоб берди.

Сергели туман қурилиш бўлими бош мутахассиси Рауфжон Усмоналиев эса Архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг вазифасига 300 кв. м дан ортиқ ҳажмдаги қурилиш лойиҳаларини Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда Қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ эканини текширишдан иборат эканини маълум қилди. Бироқ қурилиш объекти Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ амалга оширилса, лойиҳа қарорда кўрсатилган бошқача тартибда келишувдан ўтказилиши мумкин.

Авваллари қурилишга оид лойиҳавий ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги 110-сонли қарори ҳамда 1.03.01−08 Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида олиб борилган. Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси лойиҳаларни келишиш ва тасдиқлаш учун ҳар ҳафта тегишли идоралар, жумладан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти таклиф этилган техник кенгашга чақирилган. Бироқ 2018 йил 20 февралда қарор ўз кучини йўқотгач, техник кенгаш ҳам чақирилмай қўйганга ўхшайди.

Унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамасининг «Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори келди. Асосий янгилик лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш фақатгина Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши бўлди.

«Ягона дарча» ҳақида сўзлаган Феруза Восиқова, эҳтимол, айнан лойиҳаларни келишишнинг ушбу янги тартибларини назарда тутган. Нима бўлганда ҳам, Архитектура ва қурилиш бош бошқамаси ҳузуридаги Ўзбекистон ногиронлар жамияти иштирок этувчи техник кенгаш ўз аҳамиятини йўқотмаслиги керак эди. Зеро Ногиронлар жамияти билан келишилмаган қурилиш лойиҳалари «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга зиддир.

Фақатгина қоғоз ва сўздаги қулайлик

Бу масалаларнинг барчаси 2018 йил 30 июлдаги «Муносабат» телекўрсатувининг ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимига бағишланган тўғридан-тўғри эфирида кўтарилган эди. Ўша ерда Сергели туманида янги қурилган биноларнинг жисмоний томондан ноқулай экани ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Бироқ ўтган бир йил давомида вазият ўзгармади. Лойиҳалаштирувчилар ва пудратчилар қулайликка алоқадор қурилиш нормалари ва қоидаларини инкор қилишда давом этмоқда.

Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги 5270-сонли фармонида Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда бошқа идораларга объектларни лойиҳалаштириш ва қуришда архитектура-қурилиш назоратини кучайтириш бўйча чораларни кўриш, шунингдек, уларнинг ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлигини таъминлаш бўйича талаблар устидан жавобгарлигини сўзсиз таъминлаш топширилди.

2018 йил 1 мартга қадар юқорида тилга олинган ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари иштирокида ногиронлиги бўлган шаслар учун қулай муҳитни таъминлаш давлат дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиши лозим эди. Бироқ қарор лойиҳаси Қурилиш вазирлиги тайёрлаган ҳужжат талабларга жавоб бермагани сабабли кўрсатилган муддатларда тасдиқланмади.

«Бирорта ҳам ногиронлар жамоат ташкилоти қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнига жалб этилмади. Қурилиш вазирлиги ишлаб чиққан ҳужжат бор-йўғи тўққиз банддан иборат эди. Ногиронлиги бўлган одамлар учун қулай муҳитни таъминлаш бўйича давлат дастури тўққиз банддан иборат бўладими ахир? Масалан, Россиянинг худди шундай давлат дастури 100 га яқин саҳифадан ташкил топган», — дейди Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқов.

«Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг ижтимоий инфратузилмаларни яратиш ҳамда ишлаб чиқаришда ногиронларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш бўйича 9-моддаси талаблари қониқарсиз бажарилаётганининг сабабларидан бири шундаки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қонунчилик талабларини бажариш устидан назоратдан манфаатдор эмас.

«Қулайликни таъминлаш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун иқтисодий жавобгарлик назарда тутилган. Ва олинган жарималар қулай муҳитни яратишга сарфланиши лозим. Бироқ ушбу маблағлар ҳозирда Молия вазирлиги ҳисобига ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида рағбат етарлича эмас. Назоратни маҳаллий ҳокимликлар амалга ошириши ҳамда ушбу жарималар маҳаллий бюджетга йўналтирилиши учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши лозим», — дея таклиф қилди Ойбек Исоқов.

Пассив фуқаролик жамияти ва партиялар

Кўриниб турибдики, қурилиш лойиҳаларини Ногиронлик жамияти билан келишиш ва тасдиқлаш механизми ишлаётгани йўқ. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликни таъминлаш муаммосида танганинг икки томони бор. Бир томондан тегишли вазирлик ва идоралар лойиҳачилар ва пудратчилар билан биргаликда лойиҳалаштириш ва қуришда қулай муҳит нормалари ва қоидаларига риоя этишга ўта масъулиятсизлик билан қарамоқда. Иккинчи томондан эса ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотларининг ўзлари ҳам пассивлик қилмоқда — қулайлик бўйича талабларнинг адо этилиши устидан назоратни амалга ошираётгани йўқ.

Кўплаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилмалар ва транспортда қулайлик ҳуқуқи кафолатлангани тўғрисидаги хабардорлиги жуда паст даражада ва заиф фуқаролик позициясини ифода этмоқда. Аксарият ҳолатларда ногиронлар жамиятлари ўз фаолиятини фақатгина хайрия фаолияти — озиқ-овқат маҳсулотлари, пул, кийим ва бошқаларни тарқатиш билан чекламоқда. Бу ногиронлиги бўлган инсонни фаол ва танқидий фикрловчи фуқаро эмас, балки пассив хайрия олувчисига айлантирмоқда.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлганлар ташкилотларининг ижтимоий фаоллиги етарлича эмаслигининг яна бир сабаби бу каби ташкилотларнинг раҳбарлари кўп ҳолларда ногиронлиги бўлмаган одамлардан эмас. Халқ орасидаги: «Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб» деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳаттоки ногиронлиги бўлмаган одамни ногиронлик аравачасига ўтирғизиб, «арзон» уйнинг пандуси бўйлаб айлантирсангиз ҳам унга таҳқирлашнинг бутун бошли залворини ҳис эттиришнинг имкони йўқ — чунки у хаёлида аминки, бир неча дақиқадан сўнг аравачадан тура олади.

«Сиёсий партиялар сайловолди кампаниялари доирасида ногиронлиги бўлган одамлардан „жонли эмблема“ сифатида фойдаланади ва ваъдалар беради. Ногиронлиги бўлган одамлардан партия обрўсини кўтариш объекти сифатида фойдаланишади, бироқ уларга партиянинг қолган аъзолари каби тенг ҳуқуқли субъект сифатида қаралмайди», — деб ҳисоблайди Ўзбекистон Кўрлар жамияти марказий бошқаруви етакчи мутахассиси Улуғбек Маматхонов.

«Бу айни пайтда Олий Мажлис ёки халқ депутатлари кенгашларининг бирорта ҳам депутати ногиронлиги бўлган одамлардан эмаслигида ҳам ўз аксини топган. Ахир депутатлар депутатлик сўрови орқали қулайлик бўйича қонунчилик талаблари бажарилиши устидан назоратни амалга оширишлари мумкин», — деди у.

«Арзон» уйларни қандай қилиб ҳақиқатдан ҳам ҳаммабоп қилиш мумкин?

Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши маълумотларига кўра, пойтахтда ногиронликнинг турли шакллари бўлган 70 минг киши, шунингдек 300 минг нафар кекса ёшдаги фуқаролар истиқомат қилмоқда. Улардан ташқари, шаҳар инфратузилмасидан аҳолининг ҳаракатланиши чекланган тоифасига мансуб болалар аравачасидан фойдаланувчи ота-оналар ҳам фойдаланади. Бироқ 85 фоиз бино ва ижтимоий инфратузилма объектлари уларнинг ҳар кунлик фойдаланиши учун яроқсиз ҳолда қолмоқда.

«Тошкентда яшовчи 90 фоиз ногиронлиги бўлган одамлар „уй қамоғи“ остида қолмоқда ва ушбу уй қамоқлари ҳукми суд қарори билан эмас, улар учун қулай жисмоний муҳитни яратиб бермаган жамиятимиз томонидан қабул қилинди», — дейди Ойбек Исоқов.

Ногиронлиги бўлган одамларнинг Сергели туманининг узоқ бурчакларидаги транспорт инфратузилмаси ривожланмаган, улар учун ноқулай уйларга жойлаштирилиши ўзига хос сегрегация ҳисобланади. Уйлар чиройли, мобил яшовчилар учун яхши шароитли бўлиши мумкин, бироқ агарда ёлғиз аёл ногиронлар аравачасида ўз подъездидан ташқарига бир ойда бир-икки мартагина чиқа олса, ижтимоий инклюзия ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Ёки бу уйлар ногиронлиги бўлган одамлар учун «олтин қафас» вазифасини бажариши керакми?

Президент нафақат Сергели туманида, балки Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам «арзон» уйларни қуришга топшириқ берган эди. Ногиронлиги бўлган одамлар шохона шароитлар бўлишини талаб қилмайди. Уларга бор-йўғи ўз уйи ва ўз шаҳрида эркин ҳаракатланишлари учун базавий эҳтиёжлари қондирилиши керак холос. Бунда «арзон» уйлар нафақат қулай бўлиши, балки шаҳарнинг барча инфратузилмалари қонунда белгиланган тартибда ҳаракатланиши чекланган фуқаролар эҳтиёжларини қаноатлантириши лозим.

Қулайликни таъминлаш соҳасида қонунчилик талабларини амалга ошириш бўйича асосий ечимлардан бири қурилаётган янги бинолар ҳамда ногиронлар жамоат ташкилотлари иншоотлари лойиҳалари мажбурий келишувдан ўтказилишини жорий этишдан иборат. Келишув жараёнига нафақат Ўзбекистон ногиронлар жамияти, балки Кўрлар жамияти, Карлар жамияти ва бошқа ногиронлар жамиятлари ҳам жалб этилиши лозим. Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ЯДИХПни жорий этган ҳолда келишув механизмларини қайта кўриб чиқиш зарур.

Бутун мамлакат бўйлаб нодавлат нотижорат ташкилот (ННТ) мақомига эга 70 дан ортиқ ногиронлар жамоат бирлашмалари рўйхатга олинган. Бироқ уларнинг ташкилий салоҳияти ва мавжуд ишлаш услублари жамоат назорати ва ижтимоий ҳамкорлик функцияларининг самарали бажарилишига имкон бермайди. Мавжуд жисмоний қулайлик муаммосини ҳал этиш учун хайрия фаолиятидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига ўтиш вақти келди. Бино ва иншоотларининг давлат томонидан қабул қилиниши жараёнига ногиронлиги бўлган одамлар ташкилотларини мажбурий тартибда киритиш зарур.

Қулайлик БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Қулай атроф-муҳитни таъминламасдан туриб ногиронлиги бўлган одамларга мустақил ҳаёт тарзини юритишлари ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар томонлама иштирок этиш имконини тақдим этиш мумкин эмас.

Давлат ногиронлиги бўлган одамларнинг миллий қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларда мустаҳкамланган қулай муҳитга бўлган ҳуқуқлари амалга ошишини кафолатлайди. Агарда аҳоли мавзуларини ногиронлиги бўлганлар ва бўлмаганлар учун ажратиб, қулайликлар учун маблағ ажратишдан тежасак, бунинг бадали оғир ва аччиқ бўлади ва буни фақатгина пул билан ўлчаб бўлмайди.

Муллиф фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов

Сассекс университети (Буюк Британия) Ривожланиш муаммоларини ўрганиш институти докторанти, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.