Шаҳарликлар квартиралари ва корхоналардан чиққан оқава сув қаерга боради? Эҳтимол, Тошкент каби замонавий ва ривожланган мегаполисларда оқава сувлар тозаланиб, шундан кейингина дарё ва анҳорларга оқизилиши лозим.

Бу назарий жиҳатдан. Бўзсув канали оқими бўйлаб Тошкентнинг қуйи қисмига томон йўлингиз тушса, вазият аслида қандай эканига гувоҳ бўласиз. Бўзсув сув эмас, инсонлар ва саноат чиқиндилари оқадиган анҳорга айланган. Бундай манзараларни охирзамон ҳақидаги илмий-фантастик кинолардагина кўришингиз мумкин. Каналдан тарқалаётган ачимсиқ ҳидга чидаб бўлмайди.

Тошкент тоза сувни шаҳарнинг юқори қисмида Бўзсув каналидан ўз сув тақсимлаш тизимларига қабул қилиб олади. Бироқ яхшиликка ёмонлик билан жавоб беради — пойтахтдан чиқишда канал суви булғанмоқда. Пойтахтдан кейин Сирдарёга қуйилгунча бўлган 60 км масофада унинг сувидан Тошкент вилояти аҳолиси фойдаланади, истеъмол қилади. У 10 дан ортиқ аҳоли пунктларига суғориш ва маиший эҳтиёжлар учун асосий манба ҳисобланади.

Бўзсув аэрация станциясидан Бўзсув каналига оқава сувлари қуйилаётган жой. Скриншот: Яндекс.Харита.

Нурафшон қўрғонидан бир оз юқорироқда, Тошкентдан 4 км ғарбда Бўзсув аэрация станцияси жойлашган. Қирғоқдан чиқиб турган иккита қувур орқали оқава сувлар Бўзсув каналига қуйилади. Станция 1962 йилда қурилган. Унинг амалдаги қуввати — кунига 750−770 минг куб метрни ташкил этади. Бу Тошкент канализация оқава сувларининг учдан бир қисмидан кўпроғи демакдир. Қолган қисми аэропорт яқинидаги Салор станцияси ва Чирчиқдаги Бектемир иншоотига тўғри келади.

Аэрация станцияларининг ишлаш услуби анчагина мураккаб. Cувни тозалашда аэрация, фаоллаштирилган лой, фильтрлар, тиндириш иншоотларидан фойдаланилади. Идеал ҳолатда тозаловдан ўтказилган сув каналнинг экологик ҳолатига зарар етказмаслиги керак. Бироқ «Сувсоз» ДУК ўз сайтида тан олишича, Бўзсув аэрация станциясида тозалаш самарадорлиги бор-йўғи 52 фоизни ташкил этади. Аслида эса вазият бундан ҳам ёмонроққа ўхшайди.

YouTube орқали томоша қилиш

«Газета.uz» Ўзгидрометдан олган маълумотларга кўра, каналдаги сув сифати тоза сув тоифасидан ўртача ифлосланган сув диапазонида. Тошкентнинг юқори ҳамда қуйи қисмида унинг сифатида катта ўзгариш сезилмайди. 2019 йилда рухсат берилган концентрациялар меъёрининг тизимли равишда ошиши фақатгина нефть маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келгани кузатилди.

Аммо Нурафшон қўрғончасида Бўзсув қирғоғида турар экансиз, сувнинг «ўртача даражада» ифлосланганига ишонгингиз келмайди. Истиқоматчилар ва ходимларнинг сўзларига кўра, тозаланмаган оқава сувлар махфий равишда кечалари чиқарилмоқда.

Сут дарёси

Канал ёқасида анчадан буён ифлосликлардан азия чекиб келаётган Зангиота тумани Нурафшон қўрғонидан бўлган истиқоматчиларни учратдик. Уларнинг айтишича, муаммолар тахминан 1995 йилдан бошланган. Ҳамон шундай оғир шароитда яшаб келинмоқда.

Каналнинг Бўзсув станциясидан оқава сув чиқарилгунча (чапда) ва чиқарилгандан кейинги (ўнгда) ҳолатлари. 2019 йил 8 август. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

"Болалигимизда шу каналда чўмилардик. Ҳозир қўлингизниям юва олмайсиз. Текширувга келишса, канал биз оз тоза бўлади, хлор ташлашади. Хўжакўрсин учун", — дейди канал ёқасидаги уйлардан бирида яшовчи фуқаро. «Тўй қилган вақтим станциядан ҳеч бўлмаса икки кунга оқава сувларни ташламасликни илтимос қилдим. Меҳмонлар ҳид сабабли келишни хоҳлашмади, уятли. Ҳашаротлар, чивинлар, ўргимчаклар тарқалган», — дея қўшимча қилади қўшниси.

Ҳудуддаги «Намуна» маҳалласи мутахассиси Саодат Ниёзованинг сўзларига кўра, бирорта ҳам шикоят билан муаммо ҳал этилмади: «Икки йил аввал президентга хат ёздик, натижа бўлмади. Ҳокимиятда учрашув бўлди. Давлат экология қўмитасидан келишди. Ҳаммаси яхши дейишди. Телевидениедан ҳам келишди. Болаларимиз муттасил касал бўлади, кечаси ҳид дастидан эшикларни очиб бўлмайди».

Истиқоматчиларнинг тасдиқлашларича, кечалари, тахминан ярим тундан, станция кўп миқдордаги сувни чиқаришни бошлайди ва ҳидига мутлақо чидаб бўлмай қолади. Бу каби сув чиқарилишларини ишдан бўшатилишидан қўрқиб ўзининг кимлиги ошкор қилинмаслигини илтимос қилган Бўзсув станцияси ходими ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, чўкинди жинслар тўлиб қолгани сабабли сувни тозаламасдан чиқариб ташлашга тўғри келмоқда.

«Агарда сув чиқариб ташланмаса, у тошиб кетади. Ортиқчасини чиқариб ташлашга тўғри келаяпти. Асосан кечалари очилади. Бу дам олиш кунлари соат 9 дан кейин амалга оширилади. Тартибга кўра, фақатгина авариявий ҳолатларда очилиши керак. Бироқ тез-тез очамиз. Комиссия келганда ёпамиз», — деди у.

У станция ходимлари иш вақти тугаганидан кейин мажбурий меҳнатга жалб қилиниши, бетон қуйиш, сув тортиш ва чиқиндилар майдончасини тозалашидан ҳам шикоят қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳеч ким шикоят қилмайди ва бўшашдан қўрқиб бош тортмайди.

Бўзсув аэрация станциясидан сув чиқарилиши. 2019 йил 8 август. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Киселли қирғоқ

«Сувсоз» мутахассислари ва олимларнинг фикрича, улар Бўзсувнинг ифлосланишида айбдор эмас. Уларнинг сўзларига кўра, ҳамма гап шаҳар корхоналарида тозалаш иншоотларининг мавжуд эмаслигида.

«Тозалаш иншоотларининг меъёрида ва узлуксиз ишлаши оқава сув қурилмаларига тушаётган сувлар сифатига кўп жиҳатдан боғлиқ. Тошкент тозалаш қурилмаларига тозалаш қурилмалари лойиҳаларида ва оқава сувларни қабул қилиш қоидаларида кўзда тутилмаган оқава сувлар келиб тушмоқда. Корхоналар етарлича тозаланмаган оқава сувларни ташлашда давом этар экан, шаҳар иншоотлари меъёридаги тартибда ишлай олмайди», — деди «Сувсоз» мутахассиси Нина Пикуль.

«Асосий муаммо шундаки, аэрация станцияси маиший оқава сувларни тозалаш учун мўлжалланган. Бироқ бизга саноат сувлари ҳам келиб тушмоқда. Уларда заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, фаоллаштирилган лой уларни тутиб қола олмайди. У ўлмоқда», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон Миллий университети амалий экология бўлими илмий ходими Наталья Акиншина.

Тошкентда корхоналар оқава сувларини тозалаш билан боғлиқ вазият инқироз ёқасида. «Сувсоз» ҳисобида шаҳар канализация тармоқларига оқава сувларни етарлича тозаламасдан туриб чиқариб юбораётган 600 та корхона мавжуд.

Қоидабузарлар орасида — GOLD DRIED FRUITS, Asklepiy swift, «Бектемир спирт», «Чарм Атор», «Чарм Нур инвест», чорва ва парранда кушхоналари, қоғоз ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқалар мавжуд, дея хабар қилди «Сувсоз».

"243 та корхонага тозалаш иншоотлари ўрнатилган, бироқ улар тўлиқ ишламайди ва сувни зарур даражада тозалаётгани йўқ. Автомобиль ювиш шохобчаларидаги тиндириш иншоотлари нотўғри қурилган ва керакли самарани бермайди. GM ва «ВЧД2″ заводларида тозалаш иншоотлари тозалашнинг зарур даражасини бераётгани йўқ», — деди Нина Пикуль.

Етарлича тозаланмаган оқава сувларни чиқараётган корхоналар товон пулларини тўламоқда. Бундан ташқари, «Сувсоз» ўта хавфли қонунбузарлар фаолиятини тўхтатди, бироқ қисқа муддатга. Ўзбекистон қонунчилигида тасдиқланган меъёрлардан ортиқ даражада ифлосланган оқава сувларни чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатишга имкон берувчи моддалар мавжуд эмас.

Муаллиф суҳбатлашган экологларнинг тасдиқлашларича, корхоналарга оқава сувларни тозалашдан кўра жарима тўлаган фойдалироқ.

Бўзсув аэрация станцияси яқинидаги ифлос сув. 2019 йил 8 август. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Яна бир муаммо ҳам борки, у экологик инқироз сари элтмоқда. Тозалаш иншоотлари шаҳар аҳолиси ва корхоналар чиқараётган оқава сувларини тозалашнинг уддасидан чиқа олмаётган бир вақтда, Тошкентда янгидан-янги яшаш мавзелари ва саноат зоналари барпо этилмоқда. Ҳозирги қувватлар билан уларнинг ҳам оқава сувларини қайта тозалаш деярли имконсиз.

«Шаҳар ўсмоқда. Тозалаш иншоотларининг самарадорлиги энди етарли эмас. Уларни бутунлай модернизация қилиш лозим», — деди Ўзбекистон Миллий университети амалий экология бўлими раҳбари Азамат Азизов.

Кредит маблағлари

Қанчалик ғалати туюлмасин, Бўзсув ва бошқа станциялар яқинда модернизация қилинган. Жараён 2014 йилда тугаган. Маҳаллий аҳоли бу ҳақда эшитган, бироқ ҳеч қандай фарқни сезмаган. Келинг, ҳужжатларга мурожаат қиламиз.

2010 йилнинг декабрида Ислом банки иштирокида Тошкент канализация тизимларини такомиллаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори(ПҚ-1443) қабул қилинган. Модернизация ишларига ИТБ 35,37 млн доллар ажратган.

Ушбу маблағларнинг 12,9 млн доллари Бўзсув аэрация станциясига сарфланган. Бироқ ундан қандай самара бўлди, ахир канал ифлос ҳолида қолдику?

«Реконтрукция ўтказилаётган вақтда эски ускуналар автоматлаштирилган ва камроқ энергия талаб қилувчи янгиларига алмаштирилди. Янги ускуналар ўрнатилганидан кейин иншоотдан фойдаланиш самарадорлиги ва оқава сувларни тозалаш сифати яхшиланди», — деди Нина Пикуль.

«Сувсоз» маълумотларига кўра, иншоотнинг ишлаш самарадорлиги реконструкциягача 55 фоизни ташкил этган бўлса, айни вақтда бу кўрсаткич 75 фоизга етган. Айни вақтда, станция ходимларининг таъкидлашича, янги ускуналар зарур даражада ишлаётгани йўқ.

«Станцияга Хитой ускуналари ўрнатилган эди. У бир йил ишлади, кейин бузилди. Биз яна совет даври ускуналарига қайтдик. Бизга ҳаммаси пульт билан бошқарилади, автомат бўлади, дейишганди. Бироқ биз барибир қўлда ишлаяпмиз. Янги ускуналар сувда чиқиндилар, латталар, қум, ҳатто тахталар бўлгани учун ишдан чиқди. Насослар тиқилиб қолган», — деди Бўзсув станцияси ходими.

Энг қизиқарлиси, ИТБ билан тузилган шартномага кўра, мамлакатимиз ушбу кредитни 2025 йилгача банкка тўлаши керак ва ҳар йили 2,9 млн доллардан тўлаб борилмоқда.

«Сувсоз» реконструкцияга ажратилган маблағлар етарли бўлмагани ва янги инвестицияларга эҳтиёж борлигини қайд этди. Истиқболда станция қувватини сониясига 100 куб метрга ошириш учун 75 млн доллар ҳамда тиндиргичлар реконструкциясига 696 минг доллар зарур.

Бўзсув канали Нурафшон қўрғончаси яқинида. 2019 йил 8 август. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Тешик тоғара

Вазиятни ўрганганимиздан сўнг икки асосий муаммо юзага чиқди:

1. Ҳозирги экологик қонунчилик ва жараёнлар мутлақо яроқсиз. Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, корхоналар ўз оқава сувларини тозалаш билан шуғулланаётгани йўқ. Бунинг учун жиддий жазо чоралари кўзда тутилмаган. «Газета.uz"нинг ўзбекистонлик экологлар орасидаги ахборот манбалари оқава сувлар назорати соҳасида коррупция ҳолатлари мавжуд эканини хабар қилди.

Кўриниб турибдики, бу ерда жиддий сиёсий иродага эҳтиёж сезилмоқда. Акс ҳолда тадбиркорлар мамлакатдаги кичик сув захираларини заҳарлашда давом этаверади. Дарвоқе, яқинда эълон қилинган статистикага кўра, Ўзбекистон дунёда сув тақчил бўлган мамлакатлар рўйхатида 25-ўринни эгаллади. Бундан-да жиддийроқ муаммо бормикан?

2. Шаҳар тозалаш иншоотларини тубдан модернизация қилиш ва янгиларини қуриш зарур. Ахир Тошкент аҳолиси 4 миллион кишига яқинлашиб бормоқда. Шаҳарнинг канализация иншоотлари эса 1960-йилларда қурилган. Улар мавжуд оқава ҳажмларини тозалай олмайди.

Агарда ушбу муаммо ҳозир ҳал этилмаса, орадан 10−20 йил ўтиб Тошкентнинг қуйи қисмида дарё ва каналлар оқимида жойлашган туманлар қишлоқ хўжалиги ва қулай яшаш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолади.

Материални тайёрлашда Шуҳрат Латипов иштирок этди.

Никита Макаренко Журналист, продюсер, мусиқачи ва драматург.