Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 8 август куни Кой-Таш қишлоғидаги ўз қароргоҳида қўлга олинди, дея хабар берди АКИpress.

Уни қўлга олиш операцияси 7 август куни бошланди, бироқ собиқ давлат раҳбари тарафдорлари махсус хизматларга қаршилик қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум вақтида бир нафар махсус хизмат аскари ҳалок бўлди, 80 киши жароҳатланди.

Алмазбек Атамбаев 2011—2017 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. Июнь ойи охирида мамлакат парламенти унинг даҳлсизлик мақомини бекор қилиб, собиқ давлат раҳбарига нисбатан коррупция айбловини илгари сурди. Атамбаевнинг уч марта сўроққа боришдан бош тортгани махсус операциянинг бошланиши учун сабаб бўлди.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков пайшанба куни Жогорку Кенеш мажлисида вазиятга изоҳ берди. «Кечаги кунгача Атамбаев гувоҳ сифатида терговга таклиф қилинган бўлса, эндиликда унга нисбатан оғир жиноятларни содир этишда гумондор сифатида муносабатда бўлинади», — деди у.