Инновацион ривожланиш вазирлиги, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда юртимиздаги иқтидорли ёш робототехниклар ўртасида ўтказилган RoboCUP телевизион мусобақаси ўз якунига етди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

RoboCUP мусобақаси Робо-сумо ҳамда Робо-футбол йўналишдан иборат бўлиб, 2 ёш тоифаси, яъни 16 ёшгача бўлган болалар ҳамда 16 ёшдан 22 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтказилди.

Дастлаб 5−20 март оралиғида Инновацион ривожланиш вазирлигининг сайтида аризалар онлайн тарзда қабул қилиб олинди. Ўн кишидан иборат махсус комиссия томонидан Робо-футбол йўналиши ўйича 16 та жамоа ва Робо-сумо йўналиши бўйича 12 та жамоа танлаб танлаб олинди.

Робо-сумо йўналишида икки нафар иштирокчидан иборат ҳар бир жамоа Ардуино платформаси асосида роботлар яратди ва роботлар ўз кучларини синади. Икки ой давом этган телевизион мусобақанинг финалига чиққан Жавоҳир Раҳимов ва Иброҳим Султонов ғалаба қозониб, Хитойнинг Аsian Science Camp оромгоҳига йўлланмани қўлга киритди.


Робо футбол йўналишдаги мусобақа Lego конструкторлари ёрдамида ясалган роботлар ўртасида бўлиб ўтди. Бу йўналишда Just robotics жамоаси ғолиб деь топилди. Жамоа аъзолари Ҳабибуллоҳ Акромжонов ва Асрорхўжа Ғанихўжаев Турин политехника университетига киришда имтиҳонларида қўшимча 30 фоиз имтиёзга эга бўлиш имкониятига эга бўлди. Ғолиб жамоа аъзолари мазкур имтиёздан исталган пайт фойдаланишлари мумкин.

Бундан ташқари, икки йўналиш бўйича ҳам биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар соҳибларига махсус дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.