Ҳукуматнинг 29 апрель кунги қарори билан Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, божхона органларида ходимининг ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига етказилган зарар ўрнини қоплаш масаласини ўрганиш учун доимий комиссиялар тузилади.

Зарарни қоплаш бўйича ҳужжатларни йиғиш ва расмийлаштириш божхона органларининг Кадрлар бошқармаси ва бўлимлари томонидан амалга оширилади.

Зарарни қоплаш учун ходим ёки унинг яқин қариндоши божхона органи раҳбарига билдирги (ариза) билан мурожаат қилади.

Билдирги берилганидан кейин 3 кунда кадрлар хизмати комиссияга тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Комиссия 15 кунда ҳужжатларни кўриб чиқади ва зарарни тўлаш ёки рад этиш ҳақида асосли қарор қабул қилади. Қарор 3 кунда манфаатдор шахсларга юборилади.

Қарор қабул қилинганидан сўнг 10 кунда зарарнинг ўрни қоплаб берилиши лозим.