Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Бахтиёрович Пўлатов вазифасидан озод этилди, дея хабар қилди вилоят маъмурияти вакили «Газета.uz"га.

"Газета.uz" ҳукуматдаги ахборот манбасидан аниқлик киритишича, 1 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 5−10 апрель кунлари Термизда бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик жараёни билан танишиш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Бўлиб ўтган йиғилишда ҳукумат раҳбари вилоят ҳокимини танқид қилиб, уни вазифасидан озод қилди.

Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Тўра Абдиевич Боболов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Баҳодир Пўлатов 2018 йил июлидан ҳокимиятга раҳбарлик қилиб келаётган эди. Аввал у Тошкент вилояти прокурори (2018), Қашқадарё вилояти прокурори (2017−2018), Фарғона вилояти прокурори ва ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.