1 майдан Ўзбекистон ва Франция ҳукуматлари ўртасида 2016 йил 20 июль куни Тошкентда имзоланган Авиақатновлар тўғрисидаги битим кучга кирмоқда, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Битим икки давлатнинг белгиланган авиа ташкилотлари ўртасидаги халқаро ҳаво қатновларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш масалаларини тартибга солади.

Ҳужжат қоидаларига кўра ҳар бир томоннинг белгиланган авиа ташкилотлари иккинчи давлат ҳудудида келишилган пунктларда қўнишни амалга ошириш ва уларнинг ҳудудларидан қўнмасдан учиб ўтиш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида битимда авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаролик асосида тақдим қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари битимда авиация соҳасидаги хавфсизлик ва икки мамлакат авиация ташкилотлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ҳал этиш меъёрлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишнинг бошқа шартлари белгилаб қўйилган.

Мазкур битим икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли авиаташувлар бозорини шакллантиришга кўмаклашади.