Мўйноқ тумани Тикузак қишлоғида жойлашган Оролбўйи халқаро инновация марказининг Мўйноқ тажриба участкасида 4 мингдан ортиқ сумак, ясин, қайрағоч ва хитой толи, тол, листрум, канада тераги, кўк терак каби экинлар экилмоқда, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Бугунги кунда марказга ажратилган 20,3 гектар майдоннинг 9 гектардан ортиқ қисми ўзлаштирилиб, 3 гектарига турли экинлар экилди. Шунингдек, атроф майдонларни ўзлаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Инновацион ривожланиш вазирлигининг Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан участка фаолияти молиялаштирилмоқда. Жумладан, жамғарма ҳисобидан зарур техника воситалари сотиб олинди, сув келтирилиб, тажриба майдони сифатида чўл ўсимликлари генофондини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Хабарда қайд этилишича, инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров бошчилигида вазирлик ходимлари Оролбўйи халқаро инновация маркази биноси қурилиши ҳамда тажриба участкаси фаолияти билан танишди. Вазирлик ходимлари томонидан Мўйноқ участкасига 50 тупдан ортиқ сумак дарахтлари кўчатлари экилди.

Ташриф давомида Тошкент давлат Аграр университетининг Нукус филиалида Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикасидаги бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Аграр университетининг Нукус филиали профессор ва олимлари иштирокида «Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» Концепция доирасида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбати давомида олимлар ва мутахассислар Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар зонаси бўйича ишлаб чиқилаётган Концепция лойиҳаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Тадбир якунида билдирилган таклиф ва тавсиялар доирасида Оролбўйи халқаро инновация маркази қошида Идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиш ва «Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» Концепциясига қўшимчалар киритиш юзасидан келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Оролбўйи халқаро инновация марказининг 6 нафар ёш мутахассиси илмий тажриба ўташ учун 1,5 ой муддатга Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг (ICBA) Дубайдаги идорасига юборилган. Мутахассислар сафар давомида агробизнес учун муваффақиятли инкубаторларни ташкил қилиш, сув ва тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш ва бошқа йўналишларда ўқув-амалиёт курсларини ўтайди.