20 февраль куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг 6 нафар мутахассиси Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг (ICBA) бош офисига илмий амалиёт ўташ учун сафарга жўнаб кетди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, 19 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Халқаро инновация марказининг хорижга сафарбар қилинган қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги, ирригация, ўсимликлар физиологияси йўналишларида фаолият юритаётган мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди.


Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги.

Ёш мутахассисларнинг стажировкаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб,вазирлик қошидаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассисларнинг йўл харажатлари, хорижда яшаш ва кундалик эҳтиёжлари учун сарф-харажатларининг барчасини қоплайди. ICBA Халқаро маркази эса илмий-техникавий ҳамкор сифатида Халқаро инновация маркази ходимларига виза берилиши, уларнинг Дубай шаҳрида жойлашиши ва илмий стажировкани ташкил қилиш тадбирларини қўллаб-қувватламоқда.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг Тадқиқотлар ва инновациялар бўлими мудири Айдос Нурумбетов, Корпоратив ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Хамра Тажибаев, Мелиорация ва сув хўжалиги бўлими мудири Айбек Абдиров, Ўсимликлар биотехнологияси ва физиологияси лабораторияси мудири Алим Асаматдинов, Ўрмон хўжалиги ва дала тадқиқотлари бўлими мутахассиси Жолмирза Жаксимуратов, Экинлар диверсификацияси лабораторияси лаборанти Камалатдин Идирисов ўз соҳалари бўйича зарур билимларга эга бўлиб, БАА да қўлланаётган инновацион технологияларни ўрганади ва олган тажрибаларини Оролбўйи ҳудудларини тиклашга қаратилган комплекс ишларни амалга оширишда қўллайди, дейилади хабарда.

Мутахассислар бир ярим ойлик сафар давомида БААнинг Абу-Даби шаҳридаги Масдар Сити экошаҳри билан танишади, агробизнес учун муваффақиятли инкубаторларни ташкил қилиш, сув ва тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш ва бошқа йўналишларда ўқув-амалиёт курсларини ўтайди.