25 март куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ҳиндистоннинг «India Builders Corporation» (IBC) компанияси вакилларини вазир Иброҳим Абдураҳмонов қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

IBC компанияси Яқин Шарқ, Осиё-Тинч океани давлатлари, АҚШ ва бошқа мамлакатларда шўъба корхоналарига эга бўлиб, кўчмас мулк, ахборот технологиялари, меҳмонхона соҳасида бутун дунё бўйича 2 млрд. АҚШ доллари атрофидаги бизнесга эгалик қилади.

Мазкур компания вакиллари Ўзбекистонга инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганганиш мақсадида ташриф буюриб, қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликда ишлар олиб бориш истагида эканликларини айтиб ўтишди:

1) Ахборот технологиялари — электрон ҳукумат, рақамли тиббиёт (e-health), электрон савдо технологияларини юртимизга жорий этиш, коммунал ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, солиқ тизими ва бошқа соҳаларга ахборот технологияларини татбиқ этиш;

2) «Ақлли шаҳар», «ақлли бинолар» (турар жойлар ва маъмурий бинолар), «ақлли тиббиёт муассасалари», «сув ресурсларининг ақлли бошқаруви», «чиқиндиларни ақлли бошқаруви» каби лойиҳаларда иштирок этиш;

3) Ахборот технологиялари бўйича таълим;

4) Инновацион стартап лойиҳалар («Block chain», «Artificial Intelligence», «Internet of Things» ва бошқалар).

5) Ахборот технологиялари паркларини яратиш.