Тошкент халқаро аэропорти божхона пости ходимлари томонидан контрабанда ва божхона қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Истанбул Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган фуқаро Х.Ш. яширин тарзда 84 миллион сўмдан ортиқ бўлган 2721 дона дори воситаларини олиб ўтаётганда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.

«Сеул-Тошкент» йўналиши бўйича келаётган фуқаро Э.Х. эса декларацияламасдан ва божхоначилардан пинҳона тарзда 286 дона парфюмерия ва 50 дона тиббиёт воситаларини олиб ўтаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, «Истанбул Тошкент» йўналиши бўйича учиб келиб, қизил йўлак орқали ҳаракатланаётган фуқаро М.А. нинг ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди. Натижада фуқаро белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида фуқаро нақ 234 грамм тиллани яширин тарзда олиб ўтишга уринаётгани аниқланди.

Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, 49,3 миллион сўмга тенг бўлган мазкур тилла буюмлар ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинди.

Айни пайтда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.