Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини таълим, спорт ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйича икки юз метрдан ортиқ радиусда (ҳозирда бу масофа 500 метрни ташкил этади) жойлашган савдо объектларида сотишга рухсат берилади.

Шунингдек, мазкур маҳсулотларни умумий савдо майдони минг квадратметрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида реализация қилишга ижозат берилади.

Президентнинг 5 февралдаги фармонида икки ой муддатда мазкур Фармон талабларини инобатга олган ҳолда, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ўтган йилнинг ёзида «Ўзшаробсаноат» компанияси эълон қилган президент қарори лойиҳасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини таълим, спорт ва диний муассасалардан 100 метрдан ортиқ масофада сотишга рухсат бериш таклиф қилинган эди. «Газета.uz» ўтказган сўровномада мутахассислар бу қарорни «орта қадам» сифатида баҳолади. Кейинроқ лойиҳа янгиланди — масофа 200 метргача узайтирилди ва тамаки маҳсулотлари ҳақидаги эслатма қўшилди.