Ўзбекистонда 1 январдан таълим, спорт ва диний муассасалардан 200 метр масофада жойлашган савдо объектларида (ҳозирда бу масофа 500 метрни ташкил этади) алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. бу ҳақда «Ўзшаробсаноат» компанияси томонидан ишлаб чиқилиб, муҳокама учун эълон қилинган Ўзбекистон президентининг «Алкогол ва тамаки соҳасини ривожлантириш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасида сўз боради.

«Ўзшаробсавдо"нинг биринчи лойиҳасида масофани 100 метргача қисқартириш таклиф этилган эди. Бундан ташқари, ҳужжатда фақатгина алкогол савдосига тўхталган эди. Лойиҳага қолдирган изоҳларда одамлар режалаштирилаётган янгиликдан норози эканини билдирган бўлса, «Газета.uz» сўров ўтказган мутахассислар таклифни «орқага қадам» деб атади.

Лойиҳада умумий майдони 100 кв. м дан ошувчи йирик савдо нуқталари ҳамда ярмарка павильонлари, шунингдек улгуржи савдо бозорларида алкогол ва тамаки маҳсулотларини чакана сотишга рухсат бериш ҳам мўлжалланмоқда.

Ҳужжатда қўшимча равишда мамлакат ҳудудига алкогол маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаш ҳам кўзда тутилган.