1992 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистон Республикаси МХХ (ҳозирги ДХХ) Фарғона вилоят бошқармасида турли лавозимларда ишлаган Мўътабар Ғофурова беш йиллик қамоқ жазосини ўтаганидан сўнг оқланди. Унинг пенсияси тўлиқ тўлаб берилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Инсон ва қонун» газетасида эълон қилинган мақолада сўз юритилади.

Фаолиятининг сўнгги йилларида МХХ Қўқон шаҳар бўлими тезкор ходими лавозимида, капитан унвонида хизмат қилган. 2009 йил 16 февралда эса «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида"ги Низомга асосан бронхиал астма касаллиги туфайли пенсияга чиққан.

— Шундан кейин ҳозиргача асорати битмаган ноҳақликка дуч келдим. Яъни, ўша пайтдаги МХХ вилоят бошқармаси бошлиғи билан ўртамизда гап қочиб, турли туҳмат ва бўҳтонларга учрадим. Ҳатто, бу борада айрим гувоҳларни менга қарши кўрсатма беришга мажбурлашди ҳам. Оқибатда, 2009 йил 26 август куни қамоққа олиниб, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 2009 йил 23 декабрдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 156-моддаси 3-қисми, «г» банди, 159-моддаси, 1-қисми, 244−1-моддаси, 3-қисми, «б» банди, 162-моддаси 1-қисми, 301-моддаси, 1-қисми билан айбдор деб топилдим ҳамда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосига тортилдим. Қолаверса, Жиноят кодексининг 52-моддасига асосан капитан ҳарбий унвонимдан ҳам маҳрум этилдим, — дейди Мўътабар Ғофурова.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг апелляция судлов ҳайъати ҳам ўзининг 2010 йил 25 февралдаги ажрими билан суднинг 2009 йил 23 декабрдаги ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирган. Пировардида, Мўътабар Ғофурова 5 йил жазо муддатини ўтаб, 2015 йил 12 февралда амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.

2017 йил 15 декабрь куни Фарғона шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда Бош прокуратура раҳбариятига ҳам мурожаат қилди. Шу билан бирга, ўзининг важларини тасдиқловчи барча ҳужжатларни ҳам тақдим этди. Натижада, 2018 йил январь ойида Бош прокурор ўринбосари — Республика Ҳарбий прокурори томонидан Ҳарбий суди апелляция инстанциясининг 2010 йил 25 февралдаги ажримини бекор қилиш юзасидан протест келтирилди. Мазкур протест эса 2018 йил 8 февралда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, суднинг юқоридаги ажрими бекор қилинган ва янгидан кўриш учун шу инстанция судига юборилган. Ҳарбий суднинг апелляция суди мажлисида Мўътабар Ғофурованинг айбсизлиги ўз исботини топди.

Шу боис апелляция ҳайъатининг 2018 йил 29 майдаги ажрими билан суднинг 2009 йил 23 декабрдаги ҳукми бекор қилиниб, Мўътабар Ғофурова ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқланди ва жиноят иши Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддасига асосан тугатилди. Шунингдек, суд ажримида унга реабилитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошка зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304−313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

Албатта, суд томонидан оқлангач, 2018 йил сентябрь ойидан Мўътабар Ғофурованинг пенсияси тикланди. Қолаверса, 103 миллион сўмдан иборат 8 йиллик пенсияси ҳам тўлаб берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ДХХ раисининг 2018 йил 5 октябрдаги буйруғига асосан унинг капитан — ҳарбий унвони ҳам тикланди.

Мени бир савол қийнайди: Суд мени оқлади, пенсиям ва хизмат унвоним тикланди. Бироқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётганимда — 2014 йил 2 сентябрда менинг доғимда куйан онажоним Нурхон Ғофурова вафот этди. Мен қамалганимда 10 ёш бўлган ва бувисининг қўлида қолган яккаю ягона фарзандим Фарангиз Собиржонованинг эса гулдек болалиги хазон бўлди. Энди ўзингиз айтинг: бу йўқотишларим ва изтироблар ўрнини ким ва нима тўлдиради? Қолаверса, Жиноят кодексининг 230-моддаси (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) ва 231-моддаси (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш)га биноан мени ноҳақ жавобгарликка тортган шахсларнинг ўзи қонун олдида жавоб беришмайдими?