Тошкент вилоятида 2018 йилда 40 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилган бўлса, жорий йилда улар сонини 300 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи Маъруф Баракаев ЎзАда эълон қилинган мақоласида айтиб ўтган.

Ўзбекистонда туризм фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлар туризм инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилаётир. Жумладан, соҳада бир қадар янги йўналиш — оилавий меҳмон уйлари тармоғини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор туфайли туризмнинг мазкур йўналиши жадал ривожланмоқда. Ўтган йили биргина Бўстонлиқ туманида 20 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилгани фикримиз тасдиғидир.

Оилавий меҳмон уйлари сайёҳлар, айниқса, чет эллик сайёҳлар эътиборини кўпроқ тортиши, нисбатан камхаржлиги ва бошқа шу каби қулайликлари билан ажралиб туради. Миллий урф-одат ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, қишлоқ жойларда тадбиркорлик маданиятини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва, асосийси, туризмни жадал тараққий эттиришда муҳим ўрни тутади.

Айни пайтда вилоятда соҳани ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, оилавий меҳмон уйлари ва қишлоққа келган меҳмонларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайтирилиб, ҳудудлардаги зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар, табиатнинг сўлим гўшаларига меҳмонлар сайрлари уюштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 5 январдаги «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар ривожида яна бир муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, мазкур қарорда ҳар йили хостеллар ва меҳмон уйларини ташкил қилиш дастурини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда шаҳарлар ва аҳоли пунктларини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда республиканинг ҳар бир йирик шаҳрида хостеллар ва меҳмон уйлари тармоғининг мавжуд бўлишини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди. Шунингдек, замонавий санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарлари, айниқса, туристлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудлардаги туристик объектларнинг санитария-гигиеник шохобчалари ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида ҳудудлар босқичма-босқич хатловдан ўтказилиб, ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тақдимнома киритилди. Натижада 60 дан ортиқ маданий мерос обидаси, зиёратгоҳ ва қадамжо ободонлаштирилди. Жумладан, Оҳангарон туманидаги «Шоабдумалик ота» зиёратгоҳи, Пискент туманидаги «Парпи ота» зиёратгоҳида замонавий санитария-гигиеник шохобчалар қурилиб, барча зарур шароит яратилди. Яна 9 объектни таъмирлаш ва консервация қилиш учун 3 миллиард сўм ажратилди.