Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, таниқли бастакор Анор (Анорқул) Назаров 68 ёшида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Назаров Анорқул Мамадович 1950 йил 5 июнда Тошкент вилоятида Бўка туманида таваллуд топган. 1968 йилда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини туба синфида тамомлаган.

1968−1985 йилларда А.Навоий номидаги ДАКТ оркестри солисти, 1985−1987 йилларда Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоаси бош дирижёри, 1986−1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1996−2000 йилларда «Ўзбекнаво» бирлашмаси бош директори, 2000−2002 йилларда эса бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритди.

Анор Назаровнинг ижоди давлат томонидан муносиб баҳоланиб, 1995 йил Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, 1997 йил, А.Қодирий номидаги Давлат мукофоти лауреати ва 2008 йил «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.