Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича тумандаги йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган 430 та ягона солиқ тўловчилар келгуси йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади, дея хабар қилди Тошкент ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Шу муносабат билан Сергели туманида ташкил этилган семинарда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат Турсунов, Сергели туман ҳокими Нозим Ҳусанов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Мирпўлатов келгуси йилдан солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгариш ҳамда янгиликлар хусусида иштирокчиларга батафсил тушунтириш берди.

Юзма-юз мулоқот жараёнида Қайд этилганидек, президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармонига асосан, ходимлар сонидан қатъи назар, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган субъектлар умумбелгиланган солиқ тўловига ўтади.

«Бугун мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилигида янги тизим яратилди. Яъни, солиқ хизмати органлари текширувчи эмас, хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланмоқда, — деди Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат Турсунов. — Жумладан, пойтахтимиз тадбиркорлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида барча туман давлат солиқ инспекцияларида „Маслаҳат хизматларини кўрсатиш“ дарчалари ташкил этилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектларини ўз вақтида умумбелгиланган солиқ тўлашга ўтказиш юзасидан пойтахтимизнинг барча туманларида ўтказилган тадбирларда 4 мингга яқин солиқ тўловчилар иштироки таъминланди. Ўйлаймизки, бугунги семинарда ҳар бир иштирокчи ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олади ҳамда барча муаммолар шу ерда ҳал этилади».

Маълумотларга кўра, Сергели туманида амалдаги солиқ қонунчилиги асосида 108 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилар мавжуд бўлиб, улар томонидан бюджетга 149,2 млрд сўм тушум таъминланган. Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича тумандаги йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган 430 та ягона солиқ тўловчилар келгуси йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади.

Шунингдек, тумани давлат солиқ инспекциясининг малакали ходимларидан иборат маслаҳат гуруҳи ташкил этилиб, жойларга чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Сергели туманида руйхатдан ўтган «Ariya teks» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюриб, корхона ҳисобчиси ва раҳбари иштирокида қўшилган қиймат солиғи тизимига ўтиш тартиби тўғрисида батафсил малумотлар берилди.