Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзагросервис» АЖ корхоналарини молиявий соғломлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, «Автосаноат Агротехсервис» МЧЖ устав жамғармасидаги «Ўзавтосаноат» АЖ диллерлик ташкилотларининг улуши «Ўзагросервис» АЖнинг устав жамғармасига берилади.

Туман «Агротехсервис МТП» МЧЖларининг «Ўзавтосаноат» АЖ диллерлик ташкилотилари олдидаги кафиллик шартномалари асосида амалда тўланган қисми бўйича қарздорликлари ҳисобдан чиқарилди.

«Ўзагросервис» АЖ машина-трактор парклари «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖнинг гаров билан таъминланмаган мажбуриятлари бўйича кафилликларини суғурта ташкилотлари полисларига алмаштириш билан боғлиқ суғурта хизматлари ҳақи ўз маблағлари ҳисобидан тўлаши таъминланади.

«Ўзагросервис» АЖ ва «Ўзагролизинг» АЖнинг туман «Агротехсервис МТП» МЧЖ ва «Агротехсервис МТП» МЧЖларининг «Ўзагролизинг» АЖ ва «Ўзмашлизинг» МЧЖ олдидаги лизинг тўловлари бўйича қарздорликларини тўлаш муддати 2021 йил 1 сентябргача узайтирилди.