Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда ўзаро тажриба алмашиш, спорт медицинаси ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш каби йўналишлардаги алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев президент томонидан Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ушбу йўналишда Хитой тажрибаси ўрганиш бўйича қатъий вазифалар берилгани таъкидлаб, Ўзбекистонда спортни оммалаштиришнинг Миллий концепцияси ишлаб чиқишда Хитой тажрибасидан фойдаланиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Томонлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида Спорт медицинаси бўйича илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш, Пекин спорт университети билан қўшма факультетлар очиш, енгил атлетика, сув спорти ва қишки спорт турларидан спортчиларни тайёрлаш ҳамда икки давлатнинг спорт соҳаси бўйича бошқарув органлари делегациялари ташрифларини ташкил этиш каби масалалар бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди.