«Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан «Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"нинг концепцияси тасдиқланди.

Концепция хиёбонларни ривожлантириш ва унинг доимий фаолиятини ташкил этишнинг қуйидаги асосий йўналишларини назарда тутади:

инфратузилма ва моддий-техник базани такомиллаштириш;

таълим ва маърифий фаолиятни ривожлантириш;

маданий-маънавий дам олиш хизматларидан кенг фойдаланиш;

болалар учун кўнгилочар майдончалари ташкил этиш;

аждодлар томонидан тўпланган тарихий ва маданий тажриба жамият аъзоларининг индивидуал ва умумий ривожланиши учун зарур шарт эканлигини жамоатчилик онгига сингдириш.

Тематик хиёбонлар фаолияти 2018−2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида йўлга қўйилади.

Мазкур хиёбонларда ўқитувчи ва мураббийларнинг сиймосини акс эттирувчи, уларнинг нуфузини оширувчи монументлар, кутубхоналар, илмий-маърифий бинолар, музейлар ёки кичик кўргазма заллари ва бошқа кўнгилочар объектлар ташкил этилади.

Хиёбонларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.