Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар учун сифатли экипировкалар етказиб берувчи бир қатор хориж компаниялари билан музокаралар олиб боиб, якунда Германиянинг машҳур «JAKO» («ЯКО») компанияси билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришди. Кеча Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда «JAKO» компанияси томонидан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Маросимда Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, «JAKO» («ЯКО») компанияси вакили Фредди Жон Пол ҳамда миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер иштирок этишди.

Умид Аҳмаджонов ЎФА «JAKO» компанияси билан 3 йиллик шартнома имзолаганини эълон қилар экан, нима сабабдан ушбу компания билан ҳамкорлик қилишга қарор қилинганини айтиб ўтди:

«JAKO» компанияси жаҳонга машҳур компаниялардан бири ҳисобланади. Ушбу компания эндиликда турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун бошдан-оёқ экипировкалар етказиб беради. Эътиборли томони, миллий терма жамоамиз учун бу компания экипировкаларни текинга етказиб беради. Экипировкалар 96 хил нарсадан иборат. Бунинг ичида турли мавсум либослари, оёқ кийимлар ва бошқа аксессуарлар бор. Тез орада «JAKO» компаниясининг дўконларини ҳам юртимизда очиш режалаштирилган. Мухлислар терма жамоамиз либосларини харид қилиш имкониятига эга бўлишади. Миллий терма жамоамизга янги мураббий олиб келдик, янги компания билан ҳамкорликни бошлаяпмиз. Умид қилиб қоламизки, мазкур келишувимиз самарали бўлиб, терма жамоаларимиз халқаро майдонларда муваффақиятларга эришишади", — деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз ўрнида «JAKO» компанияси вакили Фредди Жон Пол Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини билдириб ўтди.

Миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер эса жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлган «JAKO» компанияси билан ҳамкорлик бошланаётгани катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, ушбу ҳамкорлик ЎФА ҳамда «JAKO» учун манфаатли бўлишига умид билдирди.