Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг иккинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар қозоқ кураши, паҳлавани (Эрон кураши), гореш (Туркманистон кураши) ва лочин ови ва тайганлар югуриши, мас-рестлинг бўйича баҳсларга киришган. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўйинларда қозоқ кураши бўйича 20 та давлатдан 56 нафар спортчи иштирок этиб, ўзбекистонлик Сарвар Икромов (-90 кг) кумуш медални қўлга киритди. Гореш (Туркманистон кураши) бўйича бўлган баҳсларда эса Шерзод Раҳимов мутлақ вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.

Лочин ови ва тайганлар югуриши бўйича баҳсларда дунёнинг 10 та давлатидан 25 нафар спортчи иштирок этиб, лочинда ов йўналишида Денис Сой бронза медалини қўлга киритди.

27 та давлатдан 127 нафар нафар спортчи иштирок этган мас-рестлинг бўйича аёллар ўртасида ўтказилган баҳсларда Регина Муляшева (-55 кг) кумуш, Мадина Элиева (-125 кг) бронза медалини қўлга киритишган бўлса, эркак спорчиларимиз Ислом Абдумаликов (-60 кг), Илёс Кадиров (-90 кг), Насим Раджабов (-125 кг) бронза медалига сазовор бўлишди.

Шундай қилиб, кеча, 4 сентябрь куни ўтказилган баҳсларда 20 нафар ўзбекистонлик спортчи иштирок этди ва жами 8 та медаль (2 та кумуш, 6 та бронза) қўлга киритилди.

Бугун, 5 сентябр санасида Ўзбекистон вакиллари мангол бох (Мўғулистон кураши) ва қирғиз кураши турлари бўйича баҳсларга киришади.

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрдан 8 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада дунёнинг 66 давлатидан ташриф буюрган 1556 нафар спортчи медаллар учун баҳс олиб бормоқда. Ўзбекистон делегацияси 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.