Жорий йилнинг 1−9 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикаси Чўлпон-Ота шаҳрида Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари бўлиб ўтади. Бугун «Тошкент» халқаро аэропортидан Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев раҳбарлигидаги Ўзбекистон спорт делегацияси Қирғизистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

2018 йил 1−9 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикаси Чўлпон-Ота шаҳрида Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси спортчилари иштирок этади.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросими 2 сентябрь куни, ёпилиш маросими 8 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон спорт делегацияси жами 76 кишидан иборат, шундан 13 та (кураш, самбо, гуштини милли камарбанди (Тожикистон кураши), қозоқ кураши бўйича, пахлавани (Эрон кураши), гюлеш (Азарбайжон кураши), аширтмали аба гюлеши (Туркия кураши), алиш кураши (Қирғизистон кураши), гореш (Туркманистон кураши), мангол бох (Мўғилистон кураши), қирғиз кураши, армрестлинг, лочин ови ва тайганлар югуриши бўйича) спорт туридан 54 нафар спортчи, 15 нафар мураббий ва 7 нафар менежер, мутахассис, ишчи гуруҳи аъзолари ва раҳбари иштирок этадилар.


МАЪЛУМОТ УЧУН:

2 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 да Чўлпон-Ота шаҳридаги «Ипподром» стадионида 80 та давлат спорт делегациялари 2000 нафар иштирокчилар иштирокида III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Ўйинларда 50 та спорт тури бўйича 500 дан ортиқ комплект медаллар жамланмаси ўйналади. Ўзбекистон спорт делегацияси 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи иштирок этади.

Ушбу ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси илк бор иштирок этмокда.

Мазкур ўйинларни ўтказишдан асосий мақсад миллий спорт турларини асраш, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдир.