Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги душанба куни кечқурун Тошкентда содир бўлган кимёвий авария тафсилотларини маълум қилди.

21:45 да пойтахт ФВБга Олмазор тумани Чуқурсой кўчасида жойлашган «Универсал логистик сервис» темир йўл станциясида контейнерлардан биридан тутун чиқаётгани ҳақида маълумот келиб тушди.

Дастлабки маълумотларга кўра, контейнерда гидросульфат натрий солинган металл бочкалар бўлган. Уларнинг айримларида герметик қопламаларнинг кўчиши оқибатида ичидаги моддалар сизиб чиқиб, димланиш содир бўлган.

Гидросульфат натрийли контейнер станцияга 20 август куни келиб тушиб, бу ерда белгиланган манзилга жўнатилгунга қадар сақланган.

Ҳодиса жойига зудлик билан қутқарувчилар ва ёнғин хавфсизлиги хизмати навбатчилик қисми етиб бориб, биргаликда кимёвий авария бартараф этилди.

Контейнердан жами бўлиб 384 та кимёвий модда солинган бочка олиб чиқилган бўлиб, уларнинг 109 таси шикастланган. Бочкалар зарарсизлантирилиб, хавфсиз жойга кўчирилди.

Авария ишлари сешанба куни тонгги 4:30 да якунига етди.